Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим омили
09:53 / 2023-03-23

Миллий ҳуқуқий мерос миллатимизнинг, халқимизнинг беназир бойлигидир. Бу бойлик энг катта қадрият ҳисобланган буюк мутафаккирларимиз, аллома – аждодларимиз ғояларида, асарларида ўз ифодасини топган. Жаҳон илму - фани ва маданияти ривожига бебаҳо ҳисса қўшган буюк аждодларимиз Шарқ мутафаккирлари - ал-Бухорий, ал-Хоразмий, ат-Термизий, ал–Фарғоний, Беруний, Фаробий, Ибн Сино, Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Амир Темур, Улуғбек, Навоий, Бобур ва бошқа даҳоларнинг бизга қолдирган маънавий мероси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг тарихий асослари сифатида намоён бўлмоқда.

Президентимиз “Конституциямизда олий қадрият сифатида белгилаб қўйилган инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади”, деб таъкидлаган эди. Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси маънавият ва маърифат руҳи билан озиқлантирилган бўлиб, муқаддимадан бошлаб, барча моддаларида инсон қадри улуғлигига алоҳида эътибор қаратилган.  

Шарқда одил подшо, саодатли мамлакат ҳақидаги орзулар қадим-қадимдан яшаб келади. Табиийки, бу ҳақида алломаларимиз турли рисолалар, қўлланмалар, панд-насиҳатлар ва маслаҳатларга бой китоблар ёзиб қолдирган. “Темур Тузукларида” Амир Темур давлатни бошқаришда кенгаш ва маслаҳатга жуда катта эътибор берганлиги қайд этилган. Мазкур миллий маънавий қадриятларимизга содиқ халқимиз келажагимиз кафолати ҳисобланган янги Конституция лойиҳаси муҳокамасида фаол иштирок этди.  

Тарихдан маълумки, Абдулла Авлонийнинг “Илм инсонларнинг мадори, ҳаёти, раҳбари, нажотидир” деган ғояси маърифатпарварлик, жадидчилик ҳаракатининг дастурини ташкил этган. У маърифатпарвар сафдошлари сингари мазлум Туркистон аҳлини илм-маърифат зиёсидан баҳраманд қилишда катта хизмат кўрсатган. Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси 50-моддасида “Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга. Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди. Давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади. Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди. Умумий ўрта таълим мажбурийдир. Мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратидадир. Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади”, деган норма 41-моддада кўрсатилган таълим ҳуқуқига оид моддани тўлдирди.  

Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 26-моддаси, Ижтимоий иқтисодий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактнинг 13-моддасида ўз аксини топган таълим ҳуқуқининг барча қоидалари мазмун-моҳияти мазкур моддада тўлиқ ўз аксини топди. Ушбу моддада инклюзив таълимга жуда катта эътибор қаратилгани бағрикенглик тимсолидир.  

Бағрикенглик – киши етуклиги, инсонийлиги даражасини белгиловчи мезонларнинг энг муҳими. Азал-азалдан халқимиз ёрдамга муҳтож кишиларга мурувват кўрсатган, ногиронларни қўллаб-қувватлаган, етим-есирлар бошини меҳр ила силаган, бағрига босган. Ўтмишда алломаларимиз кишиларни бағрикенгликка ундабгина қолмай, аввало, ўзлари бу борада элга намуна кўрсатганлар. Улуғ Навоий бутун умри давомида инсонпарварликни, одамийликни куйлаб, уни улуғлаган. Кишилар ғамида бўлиш, яхшилик қилиш, мурувват кўрсатиш бу буюк зот ҳаётининг мазмуни бўлган. Замондошлари Давлатшоҳ Самарқандий ва Хондамирнинг гувоҳлик беришича, ҳазрат мурувват кўрсатишда ҳайрон қоларлик даражада бағрикенглик кўрсатган. Ҳусайн Бойқаро Навоийга йўллаган мактубларида “Давлатнинг буюк кишиси, хайрли ишларнинг асосчиси…” деган сўзлар билан бошлаганлиги ҳам бежиз эмас. Демак, жамият аъзоларининг таълим олиш ҳуқуқини амалга оширишида, миллий таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштиришда мазкур инклюзив таълим ҳақидаги модда асосий роль ўйнайди.  

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизнинг истиқболдаги тараққиёти кўп жиҳатдан экологик ҳолат, оддий қилиб айтганда, табиатдан фойдаланишга бўлган муносабатимизга бевосита боғлиқ. Берунийнинг “Агар инсонлар табиатга нисбатан зўравонлик қилиб, унинг қонунларини қўполлик билан бузсалар, бир кун келиб, табиат уларнинг бошига шундай кулфатларни солиши мумкинки, буни ҳеч қандай куч қайтара олмас” деган сўзи бугунги глобал экологик муаммоларнинг бундан минг йил олдин башорат қилинганини кўрсатмоқда. Мана шундай зўравонлик қурбонига айланган Орол денгизининг қуриши натижасида табиат инсоният бошига кулфатлар солди. Орол денгизининг қуриши нафақат иқлимга, балки иқтисодиётга, аҳоли турмуш даражасига, саломатлигига ҳам таъсир кўрсата бошлади. Аҳоли ўртасида юрак-қон томир, ошқозон-ичак, нафас олиш органлари касалликлари, камқонлик  кўпайди.  

Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси 49-моддасида: “Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга. Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади. Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади. Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади. Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради” деган янги норманинг киритилиши миллий маънавиятимиз салоҳиятини акс эттирувчи ва ажралмас бир қисми бўлмиш табиат, унинг саховатини улуғлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича халқимиздаги миллий маданият, билимлар, анъаналар, тажрибалар, меросларни бир тизимга келтириб, таҳлил қилиб, улардан мустақил мамлакатимиз олдида турган долзарб экологик муаммоларни ҳал этишда аҳамияти каттадир. Бу билан Улуғ бобокалонимиз Амир Темур айтган – “Қаерда қонун ҳукмронлик қилса, шу ерда эркинлик бўлади”, деган қоиданинг ижроси таъминланган.  

Касблар ичида энг хайрлиси, энг гўзали илм ўргатиш, тарбия бериш орқали инсонга яшамоқ мазмунини англатиш саналади. Бу эса, устоз муаллимларга насиб этган бахтдир. Янги Конституция лойиҳасининг 52-моддасида “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади” деган янги норма Алишер Навоий ҳазратларининг “Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила, айламак бўлмас адо анинг ҳақин юз ганж ила” деган мисраларининг қонунда ўз аксини топганлигидир.  

Хулоса қилиб айтганда, миллатни маърифат тарбиялайди. “Яхши тарбияланган қалб ва виждон ҳеч қачон эгасини шарманда қилиб қўймайди”, деб таъкидлаган эди Маҳмудхўжа Беҳбудий. Мана шу фикрга таяниб, ҳозирги кунда ёшларимиз маънавий олами дахлсизлигини сақлаш, аждодлар анъаналарига содиқлик, яъни халқлар, давлатлар, миллатлар, динлар ўртасидаги тинчлик ва барқарорликни таъминлашда янги таҳрирда қабул қилинадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг роли беқиёсдир.  

 

Марҳабо Пардаева,  

Республика Маънавият ва маърифат маркази  

Бухоро вилояти бўлими раҳбари,  

Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати.  

ЎзА