Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги устувор вазифалар кўриб чиқилди
20:10 / 2025-11-17

Тадбир Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда Омбудсман ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия ҳамда Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мутасаддилари, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар вакиллари, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари, маҳалла раислари, хотин-қизлар фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар марказида инсон ва унинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари туради. Бу борада аҳолининг ҳуқуқий хабардорлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Тадбирда Омбудсман фаолиятининг аҳолининг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган йўналишлари юзасидан маълумот берилди. Мурожаатлар таҳлили чекка ҳудудларда ҳуқуқий тушунчаларга эҳтиёж юқорилигини кўрсатмоқда. Шу мақсадда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, аҳоли билан очиқ мулоқот ва ҳуқуқий тушунтириш ишларини самарали йўлга қўйишга хизмат қилаётган “Омбудсман мактаби”, мактаб ўқувчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини мустаҳкамлашга қаратилган “Омбудсман соати”, зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий кўмак кўрсатишни назарда тутувчи “Тенглик ва ҳурмат” лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳақида ахборот берилди.

Давра суҳбатида умумтаълим муассасаларида инсон ҳуқуқлари бўйича дарс ўтаётган ўқитувчиларнинг бор-йўғи 13 фоизи ҳуқуқ соҳаси мутахассислари экани қайд этилди. Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга хизмат қилаётган онлайн платформалар, интерактив ресурслар ва махсус таълим дастурлари ҳақида маълумотлар тақдим этилди.

– Бугунги кунда мамлакатимизда кечаётган демократик янгиланишлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар ҳар бир фуқарода юқори ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият бўлишини талаб этмоқда, – дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили Лола Саодатова. – Шаҳрисабзда ўтказилаётган бугунги тадбир ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади. Чунки темурийлар меросида ҳам инсон қадрини улуғлаш тамойили устувор бўлган. Янги қабул қилинган қонун ва қарорлар, хусусан, Омбудсман институти ваколатларининг кенгайиши одамларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда янги босқични бошлади. Бугун аҳолининг мурожаатлари кескин ошгани ҳам уларнинг ўз ҳуқуқларига бефарқ эмаслигини кўрсатади. Биз “Омбудсман мактаби”, “Омбудсман соати” лойиҳалари, киберхавфсизлик, меҳнат муносабатлари ва одам савдоси бўйича тарғиботлар орқали фуқаролар ҳуқуқий саводхонлигини оширишни давом эттирмоқдамиз. Энг муҳими аҳолининг ҳуқуқий маданияти ошиши инсон ҳуқуқлари ва манфаатларида асосий омил ҳисобланади.

Шунингдек, Омбудсманга келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили асосида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга қаратилган асосий йўналишлар муҳокама қилинди. Жумладан, гендер тенглиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатларидаги қонуний кафолатлар, таълим ҳуқуқи каби долзарб йўналишларда ахборот-тушунтириш ишларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА мухбирлари