French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд ҳокимиятининг мустақиллиги жуда муҳим
16:40 / 2022-06-17

Янги Ўзбекистонда рўй бераётган туб демократик ўзгаришлар конституциявий ислоҳотлар ўтказилиши заруриятини вужудга келтирмоқда.

Тараққиёт концепциясининг асосий ғояларидан бирига айланган “Инсон қадри учун” тамойилидан келиб чиқадиган бўлсак, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд ҳокимиятининг ролини ошириш, мустақиллигини янада мустаҳкамлаш зарур.   

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлардан келиб чиққан ҳолда “Конституция – инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг кафолати” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилди.  

Асосий қонунимизда ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.  

Конституциямизда акс этган мудофаа, миллий хавфсизлик, унинг суверенитетини таъминлаш, пул-молия, солиқ, банк, ташқи сиёсат ва жаҳон ҳамжамияти билан интеграцияга киришиш билан боғлиқ жараёнлар мамлакат ҳали тўлақонли ривожланиб улгурмаган бир шароитда, яъни давлат мустақиллигининг дастлабки йилларида ишлаб чиқилган. Шу нуқтаи назардан  бугунги кундаги демократик ислоҳотлардан келиб чиққан ҳолда Конституцияга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши табиий ҳол, албатта. 

Давра суҳбати асосан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб номланган 2-бўлими (18-52 моддалари)ни такомиллаштиришга бағишланди. 

[gallery-7616]

Ўзбекистонда фуқароларнинг турар жойга бўлган конституциявий ҳуқуқларининг кафолатланиши, таълим олиш ва меҳнат қилиш ҳуқуқи, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали самарали ҳимоя қилиш, шахснинг жамият олдидаги мажбуриятларини белгиловчи миллий ва халқаро нормалар, жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқароларнинг конституцияда белгиланган сиёсий ҳуқуқлари каби масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Судьялар олий кенгаши судьялари, Судьялар олий мактаби жамоаси, таниқли ҳуқуқшунос олимлар иштирок этган тадбирда Конституциянинг 2-бўлимига киритилиши юзасидан ишлаб чиқилган таклиф ва мулоҳазалар умумлаштирилиб, давра суҳбатида айтилган фикрларни ҳам эътиборга олган ҳолда қайта ишланиши қайд этилди. 

Давра суҳбати якунида таклифларни Конституциявий комиссияга расмий равишда юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Н.Абдураимова,  ЎзА