Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим – инсон ҳуқуқларининг асосий ҳимоя механизми
11:00 / 2023-04-06

Инсон ҳуқуқлари ирқи, жинси, миллати, этник келиб чиқиши, тили, дини ва бошқа ҳар қандай ҳолатидан қатъи назар, барча инсонларга хос бўлган асосий, ажралмас, универсал ва тенг ҳуқуқлардир.

Булар яшаш ва эркинлик ҳуқуқи, қуллик ва қийноқлардан ҳимояланиш, фикр ва сўз эркинлиги, ишлаш ва таълим олиш ҳуқуқи каби кўплаб бошқа ҳуқуқларни ўз ичига олади.  

Гарчи бу ҳуқуқларнинг аксарияти ўз концепциясида содда ва тушунарли бўлишига қарамасдан, уларнинг айримлари ривожланиш даражасига қараб дунёнинг турли нуқталарида бегонадек туюлиши мумкиндир. 

Бунинг олдини олишда ҳамда барча инсон ҳуқуқлари умуминсоний, универсал, бўлинмас ва ўзаро боғлиқ ва ўзаро алоқадор эканлигини таъминлашда таълимнинг роли ва аҳамияти жуда ҳам муҳимдир.  

Таълим – бу миллатнинг ва давлатнинг келажаги учун қилинадиган энг муҳим сармоялардан биридир. Бу инсон капиталини шакллантиришнинг ўзаги ва жамият ривожланишининг марказидир. Юқори иқтисодий ўсишга эришиш ва қашшоқлик, тенгсизликни камайтириш учун турли миллий институтларда таълим ва сифатли тадқиқотларга сармоя киритиш жуда муҳимдир.  

8 миллиарддан зиёд дунё аҳолисининг асосий қисмини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этмоқда. Ҳозирги замонда ёшлар демократик ҳуқуқий давлатларни қуриши ва адолатли фуқаролик жамиятларини шакллантиришда иштирок этишлари учун инсон ҳуқуқлари бўйича таълим улар ҳаётининг ажралмас қисми бўлиши жуда ҳам зарур.  

Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим, умумий таълимдан фарқли ўлароқ, умрбод давом этадиган жараён эканлигини инкор этиб бўлмасада, инсонлар ёшлигида янги билимлар, ғоялар ва мафкураларни енгил ва мустаҳкам ўзлаштиришларини ҳамда ёшлар катталарга қараганда янги кўникма ва малакаларни тезроқ ривожлантира олишларини ва уларни тенгдошлари орасида катталарга қараганда самаралироқ тарқата олишларини алоҳида эътироф этмоқ зарурдир.  

Демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш кўп жиҳатдан таълимни ташкил этиш даражасига боғлиқ. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Таълим – демократия асосидир” формуласи бу муаммони ҳал этишда мактаб, университет ва ўқитувчининг ўрни алоҳида эканлигидан далолат беради.  

“Ўқитувчи миллатни яратади” деган қадимий нақл, бугунги кунда ҳар доимгидан ҳам долзарбдир.  

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари дунёсига кириш эшигидир. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим бу инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ билим, кўникма ва қадриятларни шакллантирадиган ўқув жараёни.  

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиб, ҳозирги кунда Ўзбекистонда инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари тўғрисида халқаро ҳуқуқ талабларига деярли тўлиқ жавоб бераоладиган қонунчилик тизими шаклланган. Ўзбекистон ўтган даврда инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ асосий халқаро ҳужжатларга қўшилган.  

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро нормаларни амалиётда йўлга қўйишда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканлиги теран англанган ҳолда, сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари бўйича таълимга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

Таълим муассасалари учун “Инсон ҳуқуқлари” фани бўйича ўқув курслари, магистратура йўналишлари очилмоқда.  

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида ҳам инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни самарали ташкил этиш масаласи алоҳида белгиланган.  

Бундан ташқари Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида ҳамда халқаро шартномалар нормалари ва стандартлари, БМТнинг ҳуқуқни ҳимоя қилувчи тузилмалари тавсиялари ҳамда ўзбек жамиятининг тарихий, миллий ва маданий қадриятларини инобатга олган ҳолда, 2021 йил 7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссияни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилиниб, ушбу Комиссия зиммасига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини ишлаб чиқиш юклатилган.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТнинг Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 46-сессиясида инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантириш бўйича илгари сурилган ташаббуси асосида “Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим: Декларациядан – амалиётга” шиори остида 2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқандда “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” Глобал форуми ташкил этилди ҳамда ушбу форумнинг якуний ҳужжати сифатида барча иштирокчиларнинг таклиф-тавсиялари асосида 2023-2025 йилларга мўлжалланган “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантириш бўйича Самарқанд ҳаракатлар режаси” қабул қилинди.  

Шу ўринда Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори алоҳида аҳамият касб этади. Нега деганда, мазкур Дастур барча инсон ҳуқуқларидан фойдаланишга йўл очадиган бошланғич нуқта – таълим олиш ҳуқуқини такомиллаштиришга қаратилган улкан амалий қадам бўлиб ҳизмат қилади. 

Ушбу қарор Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини нишонлаш бўйича бутун дунё миқёсидаги кампания даврида қабул қилингани ҳам улкан аҳамиятга молик.  

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ташқи халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ўзининг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси талаблари доирасида ҳамда БМТ Барқарор тараққиёт мақсадлари билан ҳамоҳанг ҳолда ривожланиши, бу борадаги ўзига хос ўрни ва аҳамияти, янада муҳими, ибратли тажрибасини бутун дунёга кўрсата олди.  

Шундай қилиб, яқин келажакда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим давлатлар, тегишли халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти ўртасида уларнинг диний ва маданий ахлоқларига мос келадиган инклюзив инсон ҳуқуқлари тизимини илгари суриш учун барча даражадаги мустаҳкам ҳамкорлик платформасига айланиши мумкин.  

 

Ойбек Ахмадов,  

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси  

Миллий маркази масъул ходими  

ЎзА