Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этиш бўйича ахборот муҳокама қилинди
19:16 / 2021-01-22

Олий Мажлисда Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси тузилиб, ҳозирги кунда комиссия ушбу мақсадлар ижросини таъминлаш бўйича самарали фаолият юритиб келмоқда.

Парламент комиссияси ўзига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида давлат органлари раҳбарларининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия ва «Йўл харитаси»нинг ижро ҳолати юзасидан ахборотини мунтазам равишда эшитиб бормоқда.

Комиссиянинг навбатдаги йиғилишида 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича бир қатор вазирлик, жумладан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Адлия вазирлигининг ахбороти атрофлича кўриб чиқилди.  

Тақдим этилган маълумотларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, мазкур вазирликлар ўз фаолиятининг йўналишидан келиб чиқиб, 2020 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борган.  

Хусусан, ўтган даврда “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги, янги таҳрирда “Таълим тўғрисида”ги, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди.

Шунингдек, 5 та янги кодекс – Соғлиқни сақлаш кодекси, Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс, Экология кодекси, Ахборот кодекси, Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси, 7 та амалдаги кодекснинг янги таҳрири, яъни, Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси, Жиноят-ижроия кодекси, Жиноят процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Уй-жой кодекси лойиҳалари устида ишланаётганлиги таъкидланди.

Парламент комиссиясининг йиғилишида Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳолатни танқидий ўрганиш асосида мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва соҳани такомиллаштириш юзасидан Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг таклифлари атрофлича ўрганиб чиқилди.

Мазкур ҳужжатда таълим, тиббиёт муассасалари, қамоқда сақлаш жойлари ва жазони ижро этиш муассасаларида бола ҳуқуқлари, эркинликлари қонуний таъминланиши ҳолати юзасидан мониторинг ўтказилганлиги билдирилган.

Хусусан, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан мамлакатимизнинг Андижон, Фарғона, Қашқадарё, Бухоро вилоятларида жойлашган асаб-руҳий касалликлари диспансерлари ва шифохоналарида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўрганишлар ташкил этилган.

Ўрганишлар давомида Вакил томонидан руҳий касалликларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳолати бўйича амалга оширилаётган ишлари юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида парламент эшитувини киритиш таклифи киритилган.

Вакилнинг ахборотида кўрсатилишича, мониторинг давомида ўрганилган «Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчилари 2020 йилнинг 6 ойи давомида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмаган ва соғломлаштириш ишлари олиб борилмаган.

Шундан келиб чиқиб, Вакил томонидан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда «Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчиларини турар жой билан таъминлаш соҳасида мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан “Бола ҳуқуқлари ва кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва боланинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бошқа қонун хужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги таклифлари муҳокама қилинди.

Йиғилишида кўриб чиқилган масалалар юзасидан Парламент комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинди.

Нурилло Насриев, ЎзА