Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон ҳуқуқлари олий қадрият
14:13 / 2022-12-07

Париж шаҳрида бундан 74 йил муқаддам – декабрь ойининг ўнинчи санасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган эди.

Декларация 30 моддадан иборат бўлиб, инсон ҳаёти учун зарур бўлган барча ҳуқуқ ва эркинликларини ўз ичига қамраб олган ҳужжатдир. Унинг 25-моддасида “Ҳар бир инсон ўзининг ҳамда оиласининг саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун зарур бўлган турмуш даражасига эга бўлиш, жумладан, кийим-кечак, озиқ-овқат, тиббий хизмат ва зарур ижтимоий хизматга эга бўлишга ҳамда ишсизлик, касаллик, ногиронлик, бевалик, қарилик ёки унга боғлиқ бўлмаган шароитларга кўра тирикчилик учун маблағ бўлмай қолган бошқа ҳолларда таъминланиш ҳуқуқига эга”, дейилган.

Юртимизда ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилган. Жумладан, биргина пандемия шароитида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 апрелдаги фармойиши билан "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари, туман ва шаҳарлар бўлинмалари ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда мос равишда "Саховат ва кўмак" жамғармалари ташкил қилинди.

Жамғарма Низомига асосан, Жамғарма маблағлари коронавирус пандемияси ва карантин даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, кўп фарзандли оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз қариялар, ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз бўлган жисмоний шахсларга пул маблағлари, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлаш учун сарфланиши назарда тутилди.  

Биргина Навоий вилоятида жорий йилнинг ўн бир ойи мобайнида халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари қарорлари билан 25 минг 913 нафар эҳтиёжманд фуқароларга (оилаларга) турли йўналишдаги ёрдамлар кўрсатилди ва бу мақсадлар учун 26,8 миллиард сўм маблағ сарфланди. Жумладан, 7 минг 206 нафар вақтинча ишсиз, даромади паст бўлган, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турувчи эҳтиёжманд фуқароларга 12 миллиард 471 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам пуллари ажратилди. Хасталиги бор, даволаниш ёки жарроҳлик амалиётига муҳтож бўлган 842 нафар фуқарога 4,5 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланди. Дори-дармонга муҳтож бўлган 556 нафар фуқарога 827,9 миллион сўмлик дори воситалари харид қилинди.

Бу фақатгина “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан кўрсатилган ёрдамдир. Бошқа ижтимоий жамғармалар ҳисобидан кўрсатилаётган ёрдамларни ҳам инобатга олсак, юртимизда миллий қадриятларга таянган ҳолда инсоннинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар уларнинг ҳуқуқларини таъминлашда салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бу хайрли ишларни халқимиз кўриб, эртанги кунига ишончи янада мустаҳкамланмоқда.

 

Фахриддин Солиев,  

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими бошқаруви раиси.  

ЎзА