Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон ҳуқуқлари мавзуси яна диққат марказида
20:05 / 2020-12-11

11 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ташаббуси билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, БМТ Тараққиёт Дастури, БМТ Демократия жамғармаси ҳамда Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти (PRI) нодавлат ташкилоти кўмагида видеоконференция ташкил этилди.

Ўзбекистон Омбудсман институтининг 25 йиллиги ҳамда Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига бағишлаб “Омбудсман фаолиятини рақамлаштириш: инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг инновацион механизмлари” мавзусидаги ушбу анжуманда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича собиқ вакили (омбудсман) академик Сайёра Рашидова иштирок этди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори вазифасини бажарувчи Катаржина Габдархадзе, Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси Баронесса Вивьен Стерн ва бошқалар мамлакатимизда кейинги тўрт йил ичида Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида улкан ислоҳотлар амалга оширилганини эътироф этишди.

Ўзбекистоннинг айни йўналишда Халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик олиб бораётганига юқори баҳо берилди. Анжуман бу борадаги ишларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Тадбир давомида инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун масъул тузилмалар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жумладан, пандемия шароитида аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг инновацион усулларини қўллаш масалалари муҳокама қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев мамлакатда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар кўламига алоҳида урғу берди.

[gallery-395]

– 2020 йил пандемия туфайли кўплаб давлатларда жорий қилинган муайян чекловларга қарамай, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш, халқ фаровонлигини ошириш борасида тизимли ишлар олиб борилди, – деди У.Муҳаммадиев. – Жумладан, 2020 йилда Президентимиз ташаббуси билан “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси” қабул қилинди. Жорий йил октябрь ойида эса мамлакатимиз миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий органларидан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашга аъзо бўлди. Бу шубҳасиз, Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқлик сиёсатининг халқаро эътирофидир.

– Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар омбудсман фаолиятига ҳам бевосита тааллуқли, – деди Сенат раиси Танзила Норбоева. Омбудсман фаолиятини рақамлаштириш, соҳага инновация механизмларини жорий этиш мамлакатимиз аҳолисига тез ва сифатли ёрдам кўрсатиш жараёни тўлақонли, таъсирчан тус олишига хизмат қилади, Конференция иши “COVID-19 пандемияси даврида Марказий Осиё миллий ҳуқуқни ҳимоя қилувчи муассасалари: замонавий ахборот технологияларини жорий этиш”, “COVID-19 пандемияси даврида миллий ҳуқуқни ҳимоя қилувчи муассасалари: фуқаролар билан ўзаро ҳамкорлик тажрибаси”, “Аҳолининг ҳимояга муҳтож қатлами ҳуқуқларини ҳимоя қилишда миллий ҳуқуқни ҳимоя қилувчи муассасаларнинг роли: инновацион усуллардан фойдаланиш” ҳамда “Фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи миллий институтлар ҳамкорлиги” деб номланган тўрт шўъба гуруҳи таркибида давом этди. Мулоқотлар давомида Россия, Туркия, Польша, Қатар, Таиланд, Озарбайжон, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон давлатлари омбудсманлари ўз тажрибаси билан ўртоқлашди. Шунингдек, қатор нуфузли халқаро ташкилотлар экспертлари маърузалари ҳам тингланди.

Анжуман доирасида иштирокчилар томонидан омбудсманлар ва умуман, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид таклифлар ишлаб чиқилди.

Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ўртасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Халқаро қамоқхона ислоҳотининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси ўртасида Меморандум имзоланди.

Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА