31 октябрь – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тузилган кун
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштиришга кўмаклашиш, пировардида инсон қадри тамойилларининг ҳимоясини таъминлайди. Бунинг учун, албатта, аҳолининг инсон ҳуқуқлари маданияти ва саводхонлигини ошириш муҳим ўрин тутади.
Айни йўналишдаги фаолиятни амалга ошириш учун эса 1996 йил 31 октябрда “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказини тузиш тўғрисида” фармонга асосан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил этилди.
Натижада Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги таъминлаб келинмоқда.
Марказ шунингдек, миллий маърузалар тайёрланиши, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органи ҳисобланади.
Шу билан бирга, ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади.
Марказ вазифаси доирасида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиб боради. Давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, таълим, илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш масалалари бўйича кўмаклашади.
Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасаларига, қамоқда сақлаш жойларига ва махсус қабулхоналарга қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида Миллий превентив механизм иштирокчиси сифатида мониторинг ташрифларини амалга оширади.
Марказ ноширлик фаолиятини ҳам олиб бориб, «Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари» илмий-даврий нашрини ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа босма маҳсулотларни чоп этиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40-моддасида “Ҳар ким бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда давлат органларига ҳамда ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, мансабдор шахсларга ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт”, дея мустаҳкамлаб қўйилган.
Миллий марказнинг қўшимча вазифалари…
Бугунги кунгача Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ана шу конституциявий талаблар доирасида жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимида изчил фаолият кўрсатмоқда.
– Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил топганига роппа-роса 27 йил тўлди, – деди Миллий марказ директорининг матбуот котиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзо. – Ўтган даврда Ҳукуматнинг бир неча қарори билан Миллий марказ фаолиятининг муайян соҳалари изчил ривожлантириб борилди. Албатта, Миллий марказнинг ташкил этилиши ва шакллантирилишида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари ва бошқарув тизимини демократлаштиришни қўллаб-қувватлаш дастури муҳим аҳамият касб этган.
Ўз навбатида, 2018 йил 10 декабрда – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллиги нишонланган кунда давлатимиз раҳбари “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ушбу қарор инсон ҳуқуқларига доир маърузаларни тайёрлаш бўйича миллий механизмларни мустаҳкамлаш ҳамда келгусида уларнинг фаолиятини амалга ошириш борасида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг чақириғига муносиб жавоб бўлди.
Энг муҳими, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги қарорига мувофиқ, Миллий марказнинг мақоми тубдан оширилди, ваколат ва фаолият кўлами янада кенгайтирилди. Миллий марказ Низоми ва штатлар жадвали қайта тасдиқланди.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, 2022 йил 25 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятининг моддий-техника таъминотини янада яхшилаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, Миллий марказ таркибида Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази – “Инсон ҳуқуқлари уйи” ташкил этилди.
Миллий марказга қўшимча асосий вазифалар ҳам юклатилди. Бу ўринда, жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий-ҳуқуқий базани тизимлаштириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг хронологиясини юритиш, фуқаролар ва илмий тадқиқотчиларга инсон ҳуқуқлари бўйича тизимлашган илмий-ҳуқуқий манбалардан фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратиш ҳақида сўз бормоқда.
Бугунги кунда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органидир. Миллий марказ ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА