Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги”: умумбашарий қадриятлар билан бирга ривожланадиган жараён
12:03 / 2023-02-20

Мамлакатимизда азалдан таълим-тарбия ва миллий маънавият доимо узвий алоқада бўлган. Улар умумбашарий қадриятлар билан бирга ривожланган. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида ҳар кимнинг билим олиш ҳуқуқи кафолатланган.

Президентимизнинг 2022 йил 20 декабрдаги Мурожаатномасида 2023 йилни юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилгани бежиз эмас. Аслида ҳам, “нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”.

Барча ривожланишларнинг асоси таълимдан бошланади. Таълим, албатта, тизимли, узвий ва узлуксиз ташкил этилади. Мактабгача таълим, мактаб таълими ва олий таълим соҳалари бир-бирига боғлиқ ҳолда ривожлантирилади.

Ёш авлодга замонавий илм-фан сирларини ўргатиб, касб ҳунарга йўналтириш ёки фарзандларимизни рақобатбардош етук мутахассислар этиб тарбиялаш вазифаси сифатли таълим беришга сафарбар этилган барча муаллиму устозлар зиммасига улкан масъулият юклайди. Зеро, ёшларимиз юксак маънавиятли, умумбашарий қадриятлар ва миллий анъаналаримизга содиқ, комил инсон бўлиб етишишлари бутун жамият учун аҳамиятлидир.

Президентимиз таъкидлаганларидек, таълим сифатини ошириш Янги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг ягона ва тўғри йўлидир. Бугунги кунда таълим соҳасини тубдан такомиллаштириш давр талабига айланган. Ушбу долзарб талабдан келиб чиққан ҳолда таълим соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда.

Бу ўринда давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқлангани алоҳида аҳамият касб этади. Нега деганда, мазкур Дастур барча инсон ҳуқуқларидан фойдаланишга йўл очадиган бошланғич нуқта – таълим олиш ҳуқуқини такомиллаштиришга қаратилган улкан амалий қадамдир.

Таълим олиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ўз ичига олиб, ушбу ҳуқуқларни ўрганиш, шунингдек, жамиятимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш усуллари, воситаларини ҳам қамрайди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия инсон ҳаёти мобайнида давом этадиган ва турли ёшдагиларга тегишли бўлган жараёндир. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия томонидан 2023 йил 20-28 февраль кунлари “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги”ни ўтказиш бўйича Дастур тасдиқланди. Шу кунларда Дастурда белгиланган тадбирларнинг изчиллик билан амалга оширилаётгани, шубҳасиз, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури талаблари аллақачон ҳаётимизга чуқур татбиқ этилаётганининг ифодасидир.

Муқаддас ҚОСИМОВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази ходими.

ЎзА