Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон ҳуқуқлари бўйича тўртинчи Самарқанд форумида қандай масалалар кўриб чиқилади?
14:32 / 2024-06-11

Ўзбекистонда 2024 йил 13-14 июнь кунлари анъанавий халқаро анжуман – Инсон ҳуқуқлари бўйича тўртинчи Самарқанд форуми бўлиб ўтади.

“Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги, барқарор ечимлар топиш” мавзусига бағишланадиган форумга миллий ва хорижий экспертлар, иқлим бўйича мутахассислар, давлат ташкилотларининг иқлим ўзгариши муаммолари билан шуғулланадиган масъуллари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, илмий тадқиқот марказлари, компаниялар, ишбилармон доиралар ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари таклиф этилган.  

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев форумда кўриб чиқиладиган масалалар ҳақида маълумот берди:  

– Бу галги Самарқанд форумининг асосий мақсади иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига таъсири билан боғлиқ масалаларни кенг кўламда ва ахборотлар таҳлили негизида атрофлича муҳокама қилишдир.  

Халқаро анжуман иштирокчилари ушбу соҳада зарур билимлар олиш билан бир қаторда, халқаро ҳамжамият доирасида ўзаро тажриба алмашиш ва энг мақбул амалиётлар билан танишиш имконига эга бўлади.  

Форумда асосий эътибор иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига кўрсатадиган салбий таъсирини юмшатишга оид аниқ тавсия ва ечимлар тайёрлашга қаратилади.  

Бу борадаги мунозаралар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва ўзгараётган иқлим шароитида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўмаклашадиган самарадор стратегия ва ёндашувларни ишлаб чиқиш учун турли соҳа мутахассисларига қулай майдон бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.  

Форум доирасида офлайн ва онлайн тарзда учта ялпи мажлис ўтказилиши мўлжалланган.  

Биринчи ялпи мажлис истиқболли барқарор ечимлар топиш йўлида зарур инновацион ёндашувлар ва ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қилиш учун мулоқот майдонига айланади.  

Маърузачилар ўзлари мансуб бўлган ташкилотларнинг атроф-муҳит муаммоларини ҳал этиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги илғор тажрибаси ва самарадор амалиётига оид фикрларини ўртоқлашади.  

Иккинчи ялпи мажлисда глобал иқлим ўзгаришининг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларга таъсири имкон қадар чуқур таҳлиллар негизида кўриб чиқилади.  

Бунда, аҳоли заиф қатламларининг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича аниқ стратегияларни тақдим этишда давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратилади.  

Учинчи ялпи мажлис эса ўзгарувчан иқлим шароитида инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш борасидаги мавжуд халқаро ва минтақавий ҳужжатлар ҳамда воситалар таҳлилига бағишланади.  

Бу сессиянинг асосий мақсади мураккаб экологик вазиятда сайёрамизда барқарор ҳамда адолатли ҳаёт шароитларини таъминлашга оид глобал стратегиялар ва биргаликдаги ёндашувларни ишлаб чиқишдан иборат.  

Н.Абдураимова,

ЎзА