Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази пенитенциар муассасалар ходимлари учун тренинг ўтказмоқда
12:24 / 2022-06-02

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда “Озодликдан маҳрум қилиш жойларида гендер зўравонликнинг олдини олиш ва уни бартараф этиш” мавзусида тренинг ўтказмоқда.

2022 йил 1 июнь куни Тошкентда бошланган ва уч кун давом этадиган тренингда Ўзбекистон Республикаси пенитенциар муассасалари ходимлари иштирок этмоқда. 

Тренинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳар қандай шароитда инсон ҳаётини, хотин-қизларимизнинг соғлиғини, уларнинг фаровонлиги ва бахт-саодатини сақлаб қолиш энг устувор вазифа эканини таъкидлади. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, гендер тенглиги даврида аёлларни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган аниқ режалаштирилган ишларни амалга ошириш жуда муҳимдир. Шу муносабат билан жамиятимизда гендер тенглиги тамойилларини амалга ошириш, гендер зўравонлигига барҳам бериш Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. 

Тренингдан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш Бош департаменти тизимидаги пенитенциар муассасалар ходимларининг озодликдан маҳрум қилиш жойларида гендер зўравонликнинг олдини олиш соҳасидаги халқаро стандартлар тўғрисида хабардорлигини оширишдан иборат. 

Уч кунлик тренинг давомида иштирокчиларга Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари, жинсий зўравонлик тушунчаси, озодликдан маҳрум қилиш жойларида зўравонликнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилади. 

– Лойиҳамиз доирасида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси қийноқларга қарши миллий превентив механизмнинг ривожланишини қўллаб-қувватлашга, Қийноқларнинг олдини олиш бўйича БМТ факультатив протоколини ратификация қилишга, қийноққа солинмаслик ҳуқуқларига риоя этилиши устидан мониторинг тизимини қўллаб-қувватлашга, шунингдек, БМТ Хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг барча шаклларини бартараф этиш тўғрисидаги конвенциясини амалга ошириш бўйича сўнгги тавсияларини ҳисобга олган ҳолда Миллий ҳаракат режасини ишлаб чиқишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканини билдиради, – деди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси вазифасини бажарувчи Ҳанс Улрих Иҳм. 

Тренинг доирасида иштирокчилар озодликдан маҳрум қилиш жойларида гендер зўравонликнинг олдини олиш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориш имкониятларини муҳокама қилмоқдалар. 

ЎзА