Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолияти конституциявий кафолатга эга бўлмоқда
16:10 / 2023-04-26

Инсон ҳуқуқлари устувор ҳисобланган ва қадрланган давлатда уларни ҳимоя қилиш механизмлари доимо такомиллаштириб борилади. Бунда жамиятимизда мавжуд миллий институтларнинг ўрни беқиёс. Бу борада яна бир тарихий қадам қўйилмоқда – инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларга конституциявий мақом берилмоқда.

Янгиланаётган Конституциямизнинг 56-моддасида: “Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашади. Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратади”, дея белгиланмоқда. 

Маълумки, фуқаронинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш фақатгина тегишли судлар орқали эмас, балки инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар кўмагида ҳам амалга оширилади.  

БМТнинг 1993 йилдаги резолюцияси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг мақомига оид принциплар қабул қилинган. Бутун дунёда “Париж принциплари” номи билан машҳур бўлган ушбу ҳужжатда ҳар бир давлатда ташкил этиладиган миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш институтларининг фаолиятига оид энг муҳим қоидалар белгиланган.  

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизими таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Омбудсман ҳузурида Бола ҳуқуқлари бўйича омбудсман, Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиш бўйича вакил (бизнес-омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази каби институтлар киради. Уларнинг фаолияти инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро андозалар ва илғор хорижий тажриба асосида ташкил этилган ҳамда доимий равишда такомиллашиб бормоқда.  

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ўз фаолиятини ҳуқуқий ва амалий жиҳатдан мустақил равишда олиб бориши, ўз фаолиятини амалга ошириш учун етарли кадрлар ва молиявий ресурсларга эга бўлиши, тегишли давлат ва халқаро органлар билан самарали ҳамкорлик қилиши зарур. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фуқаролик жамияти билан ҳамжиҳатликда фаолият юритади. Яъни, улар ҳар икки томондан мустақил бўлиб, фуқаролик жамияти ва ҳукумат ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди.

Мазкур қоидаларнинг Конституциямизда белгиланиши инсон ҳуқуқ ва  эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлайди, миллий институтларнинг ривожланишига хизмат қилади.  

Фирдавс Шарипов,  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати