Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолати янада мустаҳкамланмоқда
16:35 / 2022-08-02

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг эътиборга молик, ижобий жиҳатларидан бири унда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари мустаҳкамланган.

Миллати, тили ва динидан қатъи назар, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг, бутун халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган «Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат» ғоясини амалга ошириш эзгу мақсадимиз сифатида белгиланди. Айниқса, Конституциямизни такомиллаштириш бўйича фаол саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганлиги ушбу ислоҳотларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Жорий йилнинг 25 июнь куни матбуотда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси мамлакатимиз ҳаётида рўй бераётган туб ўзгаришларни ўзида акс эттирганлиги билан муҳим аҳамиятга эга. Унда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада кенгайтириш асосий мақсад сифатида белгиланган.

Қайд этиш жоизки, ҳозирда ушбу лойиҳа юзасидан кенг миқёсли умумхалқ муҳокамаси амалга оширилмоқда.

Шу ўринда тўхталиб ўтмоқчи эдикки, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатлари ўзида нимани акс эттиради?

Кафолат кафиллик қилиш маъносини англатади. «Кафил» тушунчасига кўра, кафил бирор нарсага ёки бирор кимса ҳақида бошқаларни ишонтириб, масъулиятни, жавобгарликни ўз устига олувчи, кафолат берувчи шахс маъносини билдиради.

«Кафолат» эса кафил бўлувчи нарса, шахс маъноларида қўлланилади. Умуман олганда кафолат бу – масъулиятни, жавобгарликни ўз устига олган ҳолда ишонтириш, таъминлаш деган маънони англатади.

Демократик жамият қуришни мақсад қилиб қўйган ҳар қандай давлатнинг демократлашувига хос хусусиятларни кўрсатувчи шартлардан бири – инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини қонунларда белгиланиши ҳамда уларнинг таъминланиши учун зарур шарт-шароитларнинг яратилиши билан белгиланади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шундай деган эди: «Ҳар қандай демократик ислоҳотлар самараси, тинчлик ва тараққиётнинг асосий гарови ҳам Конституция ва қонун устуворлиги таъминланиши билан бевосита боғлиқ». Зеро, давлатнинг инсонпарварлиги ва маданий даражаси, у ўтказаётган ижтимоий сиёсатнинг мазмунига қараб баҳоланади. Шунинг учун ҳам ислоҳотлар даврида олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг туб моҳияти аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган мақсадли ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштиришдан, айниқса, ижтимоий адолат қоидаларини янада мустаҳкамлаш, маҳаллий ҳокимият ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идоралари мавқеини оширишдан иборат.

Давлат жамият ҳаётидаги барча, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, муносабатларни тартибга солиб бориш вазифасини амалга оширишда ҳуқуқий воситалардан қанчалик моҳирона фойдалана олса, жамият ҳаёти ҳам шунчалик эркин ва тартибли муҳитга эга бўлади.

Шундай қилиб, инсон ҳуқуқларининг ва эркинликларининг кафолати, бу – умумхалқ томонидан қабул қилинган, давлат томонидан ўрнатилган ёки тасдиқланган, шахслар ва фуқароларга белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларни амалда таъминлашга ёрдам берадиган ҳуқуқий воситалар, юридик усуллар ва шарт-шароитлар мажмуидир.

Кафолатлашнинг асосий мақсади, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш жараёнида вужудга келадиган тўсиқларни бартараф этиш билан боғлиқ. 

Сиёсий кафолатлар сифатида ҳуқуқ ва эркинликларнинг давлат томонидан таъминланиши ҳамда тeгишли махсус ваколатли тузилмаларининг тузилиши ҳамда фаолият кўрсатишини тушуниш мумкин. Шу нуқтаи назардан ёндашганда бир қатор органлар: парламент, президент, ҳукумат, судлар, вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат ташкилотлари кабиларнинг фаолият кўрсатиши қонунийлик ва инсон ҳуқуқларини таъминлашга масъул ҳисобланади.

Масалан, жамият ҳаётининг турли соҳаларида парламент ва маҳаллий кенгашлар назорати, жамоатчилик назоратининг мавжуд эканлиги тегишли соҳаларда қонунийликни таъминлашга ёрдам кўрсатади.

Яна битта мисол, учта ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва мувозанатда бўлиш тамойилининг мавжудлиги инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг яққол сиёсий кафолатидир.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишининг муҳим шарти, бу ҳуқуқий кафолатларнинг яратилганлиги ҳисобланади. Яъни, бу – фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланиши ҳамда уларни таъминлашга, амалга оширишга қаратилган бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг мавжудлиги ҳисобланади.

Ижтимоий муносабатларда ҳуқуқий бўшлиқларнинг мавжуд эканлиги уни ҳимоя қилиш имкониятини бермайди. Шу боис, ваколатли давлат органлари томонидан фаол норма ижодкорлиги сиёсати амалга оширилмоқда.

Ҳуқуқий кафолатлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш мумкин бўлган ҳаракатларни тақиқлаш ва чегаралашнинг юридик меъёрларини мустаҳкамлаш;

фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳеч қандай тўсиқсиз амалга оширишларида давлат идоралари ва мансабдор шахслар масъуллигини белгилаш;

тажовуздан ҳимоя этилишни, мустаҳкамлашни таъминловчи махсус меъёрлар (шикоят қилиш ҳуқуқи, судга мурожаат қилиш ҳуқуқи) мавжудлиги;

ҳуқуқни бузганлик учун юридик жавобгарликнинг белгиланганлиги (мулкий, интизомий, маъмурий, жиноий).

Яна бир муҳим кафолат, бу – ҳуқуқ ва эркинликларнинг иқтисодий ва ижтимоий кафолатлар тизимидир. 

Aгар давлатда етарли иқтисодий, моддий, молиявий манбалар, имкониятлар бўлмаса, ҳуқуқларни амалга ошириш учун шароит бўлмайди. Давлат иқтисодий томондан қанчалик кучли бўлса, ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланиш имконияти ҳам шунча кучайиб боради.

Ҳозирда кенг муҳокама этилаётган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига оид нормалар ҳам кенгайтирилмоқда. 

Маълумки, амалдаги Конституциямизда давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиши, вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эканлиги кафолатланган.

Таклиф этилган лойиҳада фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг бир қатор кафолатлари янада кучайтирилмоқда. 

Хусусан:

43-модда янги таҳрирда берилмоқда. Унга кўра, инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади эканлиги белгиланмоқда. Шунингдек, давлат инсон ва фуқаронинг Конституцияда ҳамда қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаши ҳамда ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли эканлиги белгиланмоқда.

44-модда таҳририга кўра, ҳар кимга ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. 

Ҳар бир шахс ўзининг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун ўз иши ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан оқилона муддатларда, тенглик, тортишув ва адолат принциплари асосида кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга. 

Шунингдек, ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши учун инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ва халқаро институтларга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги белгиланмоқда.

45-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда «Давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёт сифатини оширишга, уларга жамият ва давлат ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг равишда иштирок этиш учун шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чоралар кўради».

Юқоридаги ўзгаришлар барчамизни хурсанд қилади. Нима учун? Чунки, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатлари кучайтирилмоқда, бизларга янги имкониятлар яратилмоқда. Шу билан бир қаторда Асосий қонунимизда қуйидаги янги кафолатларни ҳам киритиш мақсадга мувофиқ:

биринчидан, ёшларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлашни давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши этиб белгилаш мақсадга мувофиқ;

иккинчидан, гендер тенгликни таъминлашга оид механизмларни кучайтириш зарур. Чунки, Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонуни қабул қилиниши билан давлатнинг гендер сиёсатида сифат ўзгариши рўй берди. Шунга мувофиқ, давлат хотин-қизлар ва эркакларнинг жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришдаги, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларидаги ҳуқуқлари тенглигини таъминлаши ҳамда жинсига қараб бевосита ёки билвосита камситишга йўл қўйилмаслиги бўйича нормаларни Конституция даражасида белгилаш мақсадга мувофиқ.

Хулоса қилиб айтганда, вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексалар ҳуқуқларининг давлат ва жамият ҳимоясида эканлиги мамлакат фуқароларининг ўзаро аҳиллик, олийжаноб ва меҳр-муҳаббат муҳитида яшаётганлигини билдиради. Ушбу муҳитда вояга етган ҳар бир инсон миллий ва умуминсоний қадриятларни эъзозлашга ҳаракат қилади. Бу эса мамлакатимиз фуқароларининг ҳаёт тарзини янада юксалтириш, тинч-тотувлигининг кафолати бўлиб хизмат қилади.

Отабек Бобожонов, Юридик фанлар бўйича (PhD) фалсафа доктори, доцент, 

Тошкент Давлат юридик университети магистратура ва сиртқи таълим факультети декани