Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимояси
13:44 / 2025-11-28

Сўнгги йилларда мамлакатимизда “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояни тўлиқ рўёбга чиқариш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, давлат органлари фаолиятига тизимли ва босқичма-босқич жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш, уларни жамиятимизнинг ҳар бир фуқароси ҳаётига самарали татбиқ этиш Янги Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида марказий ўринни эгаллаб келмоқда.    

Инсон ҳуқуқлари – инсоннинг туғилишидан то вафот этгунига қадар, бутун умри давомида унга ҳамроҳлик қиладиган ҳуқуқ ва эркинликлардир. Ушбу универсал ҳуқуқлар миллати, жинси, ирқи ёки этник келиб чиқиши, ранги, дини, тили ёки бошқа ҳуқуқий мақомидан қатъи назар, ҳеч қандай камситишларсиз барча учун хосдир.  

Инсон ҳуқуқлари яшаш ҳуқуқи каби энг асосий ҳуқуқлардан тортиб, муносиб турмуш тарзини таъминлашга хизмат қиладиган таълим олиш, меҳнат қилиш ёки ижтимоий таъминот олиш каби ҳуқуқларни қамраб олади. Бошқача айтганда, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади. Ушбу ҳуқуқ муносиб ҳаёт кечириш ва инсоний салоҳиятимизни ривожлантиришга имкон бериш учун зарур бўлган барча инсоний фазилатлар учун муҳимдир.

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш қўрқув, таъқиб, тазйиқ, зўравонлик ёки камситишсиз жамиятда яшаш учун катта аҳамиятга эга.

Инсон ҳуқуқлари қуйидаги асосий хусусиятларга эга:

•  Универсаллик – барча бир хил даражада инсон ҳуқуқларига эга;

•  Ажралмаслик – уларни ҳеч қачон тортиб олиш мумкин эмас, лекин баъзи ҳолларда уни чеклаш мумкин (агар шахс қонунга бўйсинмаса ёки давлат хавфсизлигига тажовуз қилса);

•  Бўлинмаслик – маълум бир ҳуқуқлар тўпламидан иккинчисисиз тўлиқ фойдаланиш мумкин эмас;

•  Ўзаро боғлиқлик – маълум ҳуқуқни бериш ёки олишнинг бошқа ҳуқуқларга таъсири;

•  Тенглик – барча инсонлар ўзларининг қадр-қиммати ва ҳуқуқларида тенгдир;

•  Камситмаслик – ҳар бир инсон ирқи, танасининг ранги, жинси, тили ва бошқа хусусиятларидан қатъи назар инсон ҳуқуқларига эга.

1948 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси оммавий ҳимоя қилинадиган асосий инсон ҳуқуқларини белгилайдиган биринчи юридик ҳужжат бўлди. Ушбу Декларация ҳамда “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт” (1966 йил) ва “Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт” (1966 йил) Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро биллни ташкил этади.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йилнинг 10 декабрида қабул қилинган. У муқаддима ва 30 моддадан иборат бўлиб, унинг мақсади ҳар бир инсон ва давлат мазкур Декларацияда назарда тутилган маърифат ва таълим орқали шу ҳуқуқ ва эркинликлар ҳурмат қилинишига кўмаклашишидир.  

Декларацияда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, тенглик, эркинлик, инсон ҳуқуқларини амалга оширишнинг демократик жараёни, инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг адолатлилиги каби тамойиллар ўз аксини топган. Мазкур тамойилларга кўра барча инсонлар эркин туғилади, улар қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқлари жиҳатдан тенгдир ҳамда қонун асосида баравар ҳимояланиш ҳуқуқига эга.  

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон дeкларацияси мустақил Ўзбeкистон имзолаган биринчи халқаро ҳужжатдир. Давлатимиз 1991 йил 30 сeнтябрда ушбу халқаро ҳужжатни ратификация қилиб, унда белгиланган қоидаларни бажаришни ўз бўйнига олди.

Хусусан, Декларациянинг 3-моддасида “ҳар бир инсон яшаш, эркин бўлиш ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларига эгадир” деб белгиланган. Мазкур қоидалар Конституциямизда ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, 13-моддада инсон ва унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, 25-моддасида яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи эканлиги ҳамда инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят эканлиги, Ӯзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланиши белгиланган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларининг амалга оширилаётганлиги унинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига ҳамда юртимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабатининг шаклланганлигидан далолат беради.

Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг аъзоси сифатида фаол ҳаракати, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари ҳамда инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича махсус маърузачилар билан яқин ҳамкорлиги бунга ёрқин мисол бўлмоқда.

Инсон ҳуқуқларига оид халқаро стандартларнинг амалга оширилиши, айниқса аёллар, болалар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий адолат тамойилларига конституциявий мақом берилди.  

Мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштирилиши, қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмнинг қонуний асослари шакллантирилиши, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам берилиши бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг қабул қилиниши инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада ривожлантиришга, аҳолининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини, шунингдек, давлат хизматчиларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларини оширишга қаратилди.

Давлатимиз БМТ Бош котибининг “Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват” ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида зиммасига олган халқаро мажбуриятларини изчил ва қатъий бажаришни давом эттириш, фуқароларнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси тамойиллари ва нормалари тўғрисидаги билимларини ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар тизими яратилди.  

Бундан ташқари, 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси эълон қилинган кунда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мукофотини топшириш белгиланган.  

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда ҳам “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилган бўлиб, унга мувофиқ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини оширишда хизмат кўрсатганларга ушбу нишон ҳар йили халқаро инсон ҳуқуқлари кунида топширилади.  

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари асосий Қомусимизда, шунингдек миллий қонунчилигимизда ифода этилиши юртдошларимизнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Ж.Шлимбетов,

Ӯзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили  

ЎзА