-
“Инсон қадри улуғланган юртдагина адолат,
тинчлик ва барқарор тараққиёт бўлади.”
Инсон – жамият ва давлатнинг юраги, маркази. Унинг ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият сифатида эътироф этилиши ҳар қандай ҳуқуқий-демократик давлатнинг устувор вазифасидир. Инсон ҳуқуқлари давлат томонидан тан олиниши, амалга оширилиши ва ҳимоя қилиниши, нафaқат сиёсий шиор, балки ҳуқуқий, маънавий ва амалий бурч ҳам ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқларига катта эътибор қаратилган. Хусусан, 13-моддада, “Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади” деб, қайд этилган.
Бу норма инсонни, унинг ҳуқуқларини таъминлашни давлатнинг устувор вазифаси сифатида белгилайди. Шунингдек, 14-моддага кўра, “Давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида қонунийлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари асосида амалга оширади”. Демак, давлатнинг олий мақсади – инсон ҳуқуқларини кафолатлашдан иборат. Бош Қомусимизнинг 19-моддасига тўхталадиган бўлсак, “Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ҳамда Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади. Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар” деб, эътироф этилган. Шунингдек, Бош Қомусимизнинг 21-моддасида “Ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга. Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас” ва 25-моддага кўра, “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва у қонун билан муҳофаза қилинади” деб, белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг X боби айнан шу муқаддас мақсадга хизмат қилади: инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашдан иборат. Бу нормалар инсон ҳуқуқлари давлат органлари томонидан бузилган тақдирда, унинг қонуний тартибда тикланиши учун кафолат яратади. Инсон ўзини давлатдан мустақил, тенг ҳуқуқли субъект сифатида ҳис этиши учун ана шундай кафолатлар ҳаётий аҳамиятга эга.
Мазкур нормаларни Конституция даражасида мустаҳкамланиши – инсон қадри, шаъни ва ҳуқуқлари устувор эканини амалда тасдиқлайдиган ҳуқуқий таянчдир. Жамиятда адолат, тинчлик ва фаровонлик бўлиши учун ҳар бир инсон ўз ҳуқуқларини билиши ва ҳимоя қила олиши, давлат эса уларни кафолатлаши шарт. Инсон ва давлат ўртасидаги ишонч, ҳамкорлик ва ҳуқуқий тенглик – мустаҳкам фуқаролик жамияти пойдеворидир.
Инсон ҳуқуқларини давлат томонидан ҳимоя қилиш фақат қонунлар ёки судлар билан чекланиб қолмайди. Бу – кўп қиррали, тизимли ва ҳамкорликка асосланган жараён:
Биринчидан, қонун устуворлиги - ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан муҳофаза қилинади. Ҳуқуқбузарларга нисбатан жавобгарлик белгиланган.
Иккинчидан, суд ҳимояси - ҳар бир инсон ўз ҳуқуқи бузилганда судга мурожаат қилиб адолатни тиклаш имкониятига эга.
Учинчидан, Омбудсман институти - Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман фаолият юритади, у фуқаролар мурожаатларини ўрганиб, ҳуқуқбузарликларни бартараф этади.
Тўртинчидан, халқаро ҳуқуқий кафолатлар - Ўзбекистон БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб, халқаро стандартларга асосланган инсон ҳуқуқлари сиёсатини юритмоқда.
Бешинчидан, электрон давлат хизматлари - шаффофликни таъминлаш ва инсонлар ҳаётини енгиллаштириш мақсадида электрон мурожаатлар, интерактив порталлар фаолияти ривожланмоқда.
Олтинчидан, таълим ва ҳуқуқий онгни ошириш - фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини билиши ва ҳимоя қилиши учун ҳуқуқий саводхонлик оширилмоқда, яъни, мактаблар, олий ўқув юртлари ва оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Еттинчидан, жамиятда адолат ва тенглик муҳитини яратиш - барча фуқаролар учун тенг имкониятлар, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик сиёсатининг амалга оширилиши ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг бир қисми ҳисобланади.
Саккизинчидан, меҳнат соҳасида ҳимоя - ишчилар, хотин-қизлар, ёшлар ва ногиронлар учун хавфсиз меҳнат шароити, ҳақ тўлаш, таътил ва меҳнат ҳуқуқларини кафолатлаш таъминланмоқда.
Тўққизинчидан, озодликдан маҳрум этилган шахслар ҳуқуқлари - жазони ижро этиш муассасаларида инсонпарварлик тамойилларига риоя этилиб, таълим, тиббий хизмат, оила билан алоқа ҳуқуқлари таъминланмоқда.
Мамлакатимизда кейинги йилларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасида қатор ҳуқуқий-ташкилий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқлар – бу фақат қоғоздаги нормалар эмас, балки ҳаётда амал қиладиган реал кафолатларга айланиб бормоқда.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий асослар, яъни, Конституция, қонунлар, кодекслар ва халқаро шартномалар орқали инсон манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам тизим шакллантирилди. Айниқса, сўнгги йиллардаги ислоҳотларда Конституциянинг ўзи ҳам янгиланиб, фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми янада мустаҳкамланди. Яъни:
- Инсон ҳуқуқларини таъминлашда суд, прокуратура, ички ишлар, маҳаллий ҳокимият органлари ва омбудсман институтининг фаолияти қайта кўриб чиқилди. Улар фуқароларнинг мурожаатларига тез ва шаффоф жавоб бериш, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ҳолатини олдини олиш, адолатни таъминлаш борасида юқори масъулият билан иш юритмоқда. Шу билан бирга, нотариус, адвокатлар, юридик клиникалар ва бепул ҳуқуқий ёрдам марказлари фаолияти фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга хизмат қилмоқда;
- Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид 80 дан ортиқ халқаро шартномаларга қўшилган. Бу эса мамлакатни нафақат ички, балки ташқи мажбуриятлар асосида ҳам фуқаролар ҳуқуқларини таъминлашга мажбур этади. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда мониторинг ва ҳисобот тизимлари жорий этилган.
Инсон ҳуқуқларини амалда таъминлаш, бу ислоҳотларнинг марказида инсонни қўйиш, қонунлар ижросини ҳаётга татбиқ қилиш ва жамиятда адолат ва тенглик муҳитини яратиш демакдир. Қонунчилик, давлат органлари, суд ҳимояси, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликнинг фаол иштироки инсон ҳуқуқларининг реал ҳимоясини таъминловчи муҳим омиллардир.
Мухтасар қилиб айтганда, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, бу шунчаки декларация эмас, балки давлат ва жамиятнинг ривожланишини белгиловчи асосий тамойилдир. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонунчиликка киритилаётган ўзгаришлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи институтлар фаолияти инсон ҳуқуқларини ҳаётга татбиқ этишнинг яққол ифодасидир.
Умида Юлдашбекова,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди эксперти.