Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича очиқ мулоқот
11:58 / 2023-06-16

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқларини таъминлашда давлат бошқаруви органлари ва фуқаролик жамияти вакиллари ўртасида икки йилдан бери очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Тошкент шаҳрида ўтказилган навбатдаги очиқ мулоқот “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланишида давлат бошқаруви органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги: муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусига бағишланди.    

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари ва ўндан ортиқ фуқаролик жамияти институтлари фаоллари иштирок этди.  

Тадбирда қайд этилишича, бугунги кунда фуқаролик жамияти институтлари жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали фуқароларнинг давлат билан ўзаро самарали алоқасини таъминлашга кўмаклашмоқда. Одамларнинг кайфиятини, мамлакатда кечаётган ўзгаришларга муносабатини аниқлашнинг муҳим воситаларидан бирига айланмоқда.  

Ўтган давр мобайнида демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтиришга, фуқароларнинг энг муҳим социал-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган 200 дан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилингани соҳа ривожига бўлган эътиборни кўрсатади.  

Давра суҳбатида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишда суд мустақиллигини таъминлаш, одил судловга эришиш, қонунийликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Лекин суд ишларининг йилдан-йилга ортиб бориши ҳисобига судьяларнинг ўртача иш ҳажми кўпайгани маълум қийинчиликларни туғдирмоқда. Рақамларга мурожаат қилинса, хорижий давлатларда 100 минг аҳолига судьялар сони Германияда 24, Россияда 18, Қозоғистонда 16 нафарни ташкил этади.  Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 3,7 нафардан иборат, холос.  

Тадбирда судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолияти бўйича қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлари ўрганилди.  

Шунингдек, инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва уларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, аҳолини ташвишга солувчи масалалар ваколатли давлат органлари  вакиллари билан бeвосита муҳокама қилинди.  

Қайд этиш лозимки, бу каби мулоқотлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича мавжуд камчиликларни давлат органларининг ваколатли вакилларига етказиш ва у орқали тегишли соҳаларнинг ислоҳ қилинишига хизмат қилади. Тадбир якунида жамоатчилик назоратини янада кучайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.  

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА