French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш – муҳим вазифа
06:01 / 2022-06-18

Андижонда “Инсон ҳуқуқлари соҳасида кадрлар тайёрлаш, таълим ва тарбия сифатини ошириш” мавзусида жамоатчилик мулоқоти бўлиб ўтди.

Андижон вилояти ҳокимлиги, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан мамлакатимизда ўтказилаётган “Фаол фуқаролар ҳафталиги” доирасида ташкил этилган мулоқотда вилоят адлия, ички ишлар бошқармалари мутасаддилари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда мутахассислар томонидан вилоятда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумотлар берилди. Шунингдек, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, қонун ҳужжатларида белгиланган стандартлар ва тамойиллар, узлуксиз таълим тизимида инсон ҳуқуқлари ва гендер масалалари юзасидан маърузалар тингланди.

[gallery-7623]

– Ҳар қандай демократик давлатда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларини ҳимоя қилиш, буни Конституция ва қонунларда кафолатлаш муҳим ўрин эгаллайди, – дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари вазифасини бажарувчи Диёрбек Турғунов. – Шу маънода мамлакатимизда ҳам фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш жамиятимиз олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади. Мулоқотда айнан ана шу масалалар юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Мулоқот давомида жамиятимизда фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг муҳим шартларидан бири бўлган аҳолининг ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтириш, миллий ҳуқуқий тизимни тубдан ислоҳ қилиш, малакали юридик кадрларни тайёрлаш, бу борадаги жараёнларда фуқаролар ҳамда кенг жамоатчилик иштироки ва фаоллигини ошириш, жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган ишлар самарадорлигини ошириш зарурлиги алоҳида қайд этилди. 

Шунингдек, мулоқот иштирокчилари томонидан таълим сифатини ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Маълумки,Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури тасдиқланган. Шу асосда ҳукумат қарори билан бир неча йилдан буён инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этилмоқда.

Бундан ташқари, 2025 йилга қадар 3 - 7 ёшдаги болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олишни назарда тутувчи Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш концепцияси жорий этилмоқда. Шундан келиб чиқиб, тадбир иштирокчилари томонидан мактабгача тарбияни ривожлантириш учун малакали тарбиячи ва педагог кадрларни тайёрлаш, мактабгача таълимнинг самарали психологик-педагогик услубларини амалиётга татбиқ этиш, замонавий ўқув-услубий қўлланмалар яратиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА