Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон ҳаётига ёруғлик олиб кираётганлар
14:15 / 2025-11-04

Кейинги пайтларда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини яхшилаш йўлидаги ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Бу саъй-ҳаракатлар, айниқса, маҳалла даражасида ўз аксини топмоқда.

Ўрта Чирчиқ туманидаги Ким Пен Хва маҳалласида ҳам бу борадаги амалга оширилаётган ишлардан аҳоли вакиллари мамнун. Ҳудудда 4 минг 226 нафар аҳоли, 1 минг 266 та оила мавжуд. Шулардан 62 нафар фуқаро ногиронлиги бўлган шахслар сифатида рўйхатга олинган. Аҳолининг ижтимоий муаммоларини ўрганиш, уларни манзилли ёрдам билан таъминлаш мақсадида комплекс ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими орқали муҳтож оилаларнинг ҳолати ўрганилиб, уларнинг эҳтиёжига мос хизмат турлари кўрсатилмоқда. 

– Давлатимиз томонидан яратилаётган имконият ва имтиёзларни ўз вақтида ҳамда тўғри етказиш орқали муҳтож оилаларнинг ҳаётига ёруғлик олиб киришга интиламан. Йил бошидан буён маҳаллада 275 дан ортиқ мурожаат қабул қилинган бўлиб, уларнинг 80 фоиздан ортиғи ижобий ҳал этилган. Бу эса жорий этилган тизимнинг амалий самарадорлигини яққол кўрсатмоқда. Маҳаллада яшовчи 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс Йўлдош Азимов ёлғиз яшовчи ногирон шахс сифатида рўйхатга олинган. У “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасидаги 5 та хизматдан 2 таси, яъни уй шароитида ижтимоий-маиший хизмат ҳамда тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати билан таъминган, – дейди Ким Пен Хва маҳалласида комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим Висола Норматохунова. 

Аслида, инсонпарварлик йўлидаги ташаббуслар жамиятда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва ғамхўрлик муҳитини янада мустаҳкамлайди. Маҳалладаги ҳар бир эзгу иш, ҳар бир меҳрли қўл, инсон ҳаётига ёруғлик олиб кираётганини эса бугун ушбу маҳалла мисолида яққол кўриш мумкин. 

А.Мусаев,ЎзА.