English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди
15:01 / 2025-02-16

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Низомда: 

Реестрни шакллантириш ва юритиш тартиби ҳамда унинг мақсади;

Реестрнинг намунавий шакли ҳамда унда эълон қилиб бориладиган маълумотларнинг турлари; 

Реестрдаги инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар рўйхатини янгилаб боришга доир талаблар; 

инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф солувчи омилларнинг хавфлилик даражасини ҳисоблаш ҳамда уларни баҳолашга оид услубиёт; 

назорат қилувчи органларнинг Реестр талабларига риоя этилишини назорат қилишига оид қоидалар; 

назорат қилувчи органлар томонидан Реестрга инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омилларни киритиш ҳамда ундан чиқариш бўйича таклифларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш тартиби белгилаб берилган. 

Инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омилларни Реестрга киритиш ҳамда (ёки) ундан чиқариш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан республика даражасидаги назорат қилувчи органларнинг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш орқали амалга оширилади. 

Назорат қилувчи органлар доимий равишда тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омилларни Реестрга киритиш ёки ўз аҳамиятини (долзарблигини) йўқотган омилларни Реестрдан чиқариш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига таклифлар тақдим этиб боради, бунда маълумотларнинг асосланганлиги, ишончлилиги учун маълумотни киритаётган идораларнинг биринчи раҳбарларига шахсий масъулият юкланади. 

Маълумот учун. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 30 августдаги ПФ-132-сон Фармонига мувофиқ: 

Инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар реестрини жорий қилиш, унинг лозим даражада (долзарб) ва барча учун очиқ ҳолатда юритилишини таъминлаш; 

назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тўхтатиб туришга фақатгина Реестрга киритилган омиллар асосида йўл қўйилиши (суд тартибида ва қонунда белгиланадиган асослар бўйича тўхтатиб туриш ҳолатлари бундан мустасно) белгиланган эди.

ЎзА