Тоғ ва тоғолди ҳудудларида экстремал дам олишга қизиқиш ортиб бораётган бир пайтда, у ердаги аттракционларнинг хавфсизлиги масаласи ҳам кун тартибидаги энг муҳим йўналишлардан бирига айланмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг тегишли топшириғи асосида мутасадди идора ва ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан режали ўрганиш ишлари амалга оширилди.

Ушбу ўрганишлар доирасида Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги “Янгидиёр” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Rodor Auto” масъулияти чекланган жамиятига қарашли экстремал аттракционлар фаолияти атрофлича таҳлил этилди. Асосий эътибор аттракционларнинг техник ҳолати, улардан фойдаланиш қоидаларига амал қилиниши ва хавфсизлик талабларига мослигига қаратилди.

Текширув жараёнида фуқаролар учун яратилган шарт-шароитлар, масъул шахсларнинг жавобгарлиги, шунингдек, эҳтимолий хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар ўрганилди. Хусусан, фавқулодда ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши, огоҳлантирувчи белгилар ҳамда ахборот материалларининг мавжудлигига алоҳида аҳамият берилди.

Шу билан бирга, ходимларнинг белгиланган йўриқномалар асосида фаолият олиб бораётгани, хавфсизлик бўйича билим ва кўникмалари таҳлил қилиниб, бу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Мазкур ўрганишлар экстремал аттракционлардан фойдаланишда фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш, дам олишни хавфсиз ва мазмунли ташкил этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Зеро, ҳақиқий ҳордиқ — бу нафақат ҳаяжон, балки хотиржамлик ва ишонч ҳамдир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА