Инсонга ҳар куни тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик керак.
Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди.
9 майни Хотира ва Қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди.
Ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак.
Хотира ва Қадрлаш куни чинакам миллий – умумхалқ байрамига айланди. Бу байрамда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирланади, умуман, ўтганлар руҳи ёдга олинади, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтирилади.
Бугун республикамизнинг барча ҳудудларида байрам тадбирлари, учрашувлар ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлими бошқаруви томонидан ўтказилган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрами муносабати билан турли тадбирлар ҳам шулар жумласидан.
“Маҳалла” фонди Тошкент шаҳар бўлими ташаббуси билан жорий йилнинг 2 майидан бошлаб 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрами муносабати билан Юнусобод туманидаги Сайилгоҳ кўчасида жойлашган Амир Темур хиёбони ва Яккасарой тумани, Шароф Рашидов кўчасида жойлашган Мовий Гумбазлар хиёбонида байрам кўтаринки руҳда ўтказилди. Аҳолига эсдалик учун Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи акс эттирилган ленталар 2500 дона, “Хотира ва қадрлаш” кўкрак нишони 500 дона ва 3000 дона наклейкалар тарқатилиб, байрам билан табрикланди.
Бу каби байрам тадбирлари шаҳримизнинг барча туманларида юқори кайфиятда давом этмоқда.
“Маҳалла” фонди Тошкент шаҳар бўлими