Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази Чимқўрғон маҳалласида “Инсон – инсонга кўмакчи” шиори остида навбатдаги маслаҳатдошлик ва ривожлантирувчи (kouching) ўқув машғулоти ташкил этилди.
Унда марказ ходимлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, маҳалла фаоллари ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқаролар иштирок этишди. Тадбир маҳалланинг ижтимоий руҳини мустаҳкамлаш, одамлар орасидаги ҳамдардлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш маданиятини ривожлантиришга хизмат қилгани билан аҳамиятлидир.

Машғулот давомида иштирокчиларга марказнинг фаолияти, вазифалари ва аҳоли учун яратилган имкониятлар ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Марказ мутахассислари фуқароларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтариб, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш тартиби ва амалий ёрдам олиш йўлларини батафсил тушунтиришди. Айниқса, аҳоли муаммоларига нисбатан самимий муносабат ва очиқ мулоқот тадбир мазмунига янада жозибадорлик қўшди.

Тадбирнинг энг таъсирли қисми психологлар томонидан ўтказилган руҳни уйғотувчи ва жонлантирувчи (enerjayzer) машқлар бўлди. Ушбу машғулотлар иштирокчиларда руҳий енгиллик, ички барқарорлик ва ижобий фикрлаш кўникмаларини ривожлантирди. Жамоавий машқлар жараёнида фуқаролар ўзаро яқинлашиб, бир-бирини тушуниш ва қўллаб-қувватлашнинг аҳамияти яна бир бор яққол намоён бўлди.
Тадбир нуфузини оширган яна бир жиҳат – фаол иштирокчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланганидир. Бу нафақат уларнинг меҳнатига муносиб эътироф, балки жамоатчиликда фаол фуқаролик позициясини рағбатлантиришга қаратилган қадам сифатида қимматлидир.

Юксак маънавий ва ижтимоий аҳамиятга эга бундай ўқув-маслаҳат тадбирлари аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ижтимоий хизматлардан самарали фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш, энг муҳими, инсонлар қалбида руҳий енгиллик ва маънавий қўллаб-қувватлашни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Инсоннинг инсонга кўмак бериши орқали жамиятда меҳр, ишонч ва ўзаро тушуниш муҳити кенгайиб, ҳар бир хонадонга қувонч ва барқарорлик кириб боради.
Эътиборлиси, бу каби тадбирлар туманнинг бошқа маҳалларида ҳам белгиланган жадвал асосида ўтказилиши режалаштирилганидир.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири