Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон – азиз, хотира – муқаддас
19:44 / 2020-10-12

Барча вилоятларда Қатағон қурбонлари музейининг бўлимлари очилди. Қатағон қурбонларига бағишланган янги-янги китоблар, фильмлар яратилмоқда.

Муносабат 

Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги эълон қилинганидан сўнг тарихий ҳақиқат ва адолатни тиклаш бўйича олиб борилган ишлар энг аввало, Ватан ва халқ озодлиги йўлида жонини фидо этган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштиришда намоён бўлди.

2002 йил 31 августда Тошкент шаҳри Юнусобод туманида ташкил этилган “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси ҳудудида озодлик ва мустақиллик учун курашган ва ўз жонини аямаган фидойилар хотирасини ёд этиш мақсадида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи очилди. Музей экспозицияларининг ғоявий асосини зиёратга келган ҳар бир ватандошимизнинг қалби ва онгига ватанпарварлик, ўз халқига муҳаббат ва садоқат ҳиссини сингдириш, ҳозирги кунларнинг қадрига етиш, қатағон қурбонлари хотирасига нисбатан юксак ҳурмат ва эҳтиром туйғусини тарбиялаш ташкил этади.

Ўтган давр мобайнида музейнинг илмий экспозициясини шакллантириш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, мавзуга бевосита дахлдор бўлган 150 дан зиёд архив ҳужжатлари, 100 дан ортиқ тарихий фотосурат, 100 га яқин ашёвий буюмлар, 175 та китоб, кўплаб вақтли матбуот нашрларининг намуналари излаб топилди ва улар музей экспозициясидан ўрин эгаллади.

Барча вилоятларда Қатағон қурбонлари музейининг бўлимлари очилди. Қатағон қурбонларига бағишланган янги-янги китоблар, фильмлар яратилмоқда.

Мамлакатимиз тарихининг сўнгги 130 йиллик фожиали даврини, чор Россияси ва совет ҳукмронлиги йилларида амалга оширилган сиёсий қатағонларнинг мақсад-моҳиятини очиб беришга қаратилган 50 га яқин китоб ва рисола чоп этилди, оммавий ахборот воситаларида туркум мақолалар эълон қилинди. Қатор телекўрсатувлар ва ҳужжатли фильмлар тайёрланиб, эфир орқали намойиш этилди. Бу йўналишдаги ишлар мунтазам давом эттирилмоқда.

Шунингдек, сўнгги йилларда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий, Исҳоқхон Ибрат ва бошқа маърифатпарварлар хотирасига бағишлаб музейлар, Тошкентдаги “Адиблар хиёбони"да муаззам ҳайкаллар яратилди.

Давлатимиз раҳбари 2020 йил 31 август куни “Қатағон қурбонлари музейи”га ташрифи чоғида нуронийлар, уламо ва зиёлилар билан мулоқотда: “Бу инсонлар ҳақиқий етакчилар, илғор зиёлилар, адабиёт, маданият намояндалари, бошқача айтганда, миллатимизнинг, халқимизнинг энг сара вакиллари эди. Тасаввур қилинг, агар улар қатағон қилинмаганида Ватанимиз ривожи учун, илм-фан, иқтисодиёт, маданият ва адабиётимиз учун қандай буюк ишлар қилган бўлар эди, халқимизни олдинга бошларди. Шу билиб туриб қилинган. Бугун буни армон билан эслаймиз”, – деди Президент.

Шунингдек, музей фаолиятини бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан кўриб чиқиш, ўтган давр мобайнида қатағон мавзусини илмий ўрганиш борасида амалга оширилган ишларни, янги топилган маълумот ва фактларни кенг ёритиш, тарихимизнинг ана шундай фожиали саҳифалари ҳақидаги хақиқатни жамоатчиликка, айниқса, ёш авлодга холис ва ҳаққоний асосда етказиш зарурлиги тўғрисида концептуал фикрлар билдирди. “Қатағон қурбонлари музейи”ни миллий ғоя асосида таъсирчан тарбиявий масканга айлантириш мақсадида тегишли шароитлар яратиш, хусусан, музейнинг илмий экспозициясини янгитдан шакллантириш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар олдига қатор вазифалар кўйилди.

Юқорида айтилган таклиф ва вазифаларни ҳисобга олган ҳолда, 2020 йил 8 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинди.

Бу фармойишда қуйидаги муҳим фикр билдирилган: “Дунёда глобал хавф-хатарлар кучайиб бораётган ҳамда миллий ўзликни англаш ва ҳақиқий тарихимизни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётган бугунги даврда мустабид тузум томонидан шафқатсиз қатағон қилинган давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт намояндаларининг, оддий касб эгаси бўлган минглаб юртдошларимизнинг номлари ва хотираларини абадийлаштириш, уларнинг жасорати ва матонати мисолида ёш авлодимизни Ватанимиз ва халқимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Бу борадаги тарихий маълумотларни холис ва ҳаққоний ўрганиш мамлакатимиз мустақиллиги қандай оғир ва машаққатли курашлар билан қўлга киритилганини, бугунги эркин, озод ва обод ҳаётимизни асраб-авайлаб, қадрлаб яшаш кераклигини янада чуқур англашга хизмат қилади”.

Кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фидойи фарзандлари, маърифатпарвар аждодлари ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ҳақиқатни тўла юзага чиқариш, уларга нисбатан тарихий адолатни тиклаш ҳам мақсад қилиб олинган. Фармойишда қатағон қурбонлари меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштириш учун турли илм-фан, таълим, маънавият ва маърифат ишлари билан шуғулланадиган масъул ташкилотларга кенг қамровли таклиф ва вазифалар берилган. Шулардан айрим вазифаларни бажаришда Ўзбекистон халқаро ислом академияси жамоаси ҳам ўз ҳиссасини қўшиши мумкин. Масалан:

– қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида академия кутубхонасида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний каби улуғ маърифатпарварларга бағишланган хотира бурчагини ташкил этиш;

– хориждаги турли архив, музей, кутубхона ва бошқа илмий-маърифий муассасалар ҳамда тегишли мутахассислар билан ҳамкорлик ўрнатган ҳолда, илмий экспедициялар ташкил этиш;

– қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини илмий тадқиқ этиш, улар ҳақида илмий-тарихий китоблар яратиш;

– “Инсон – азиз, хотира – муқаддас” деган ғоя асосида барча туман, шаҳар ва маҳаллаларда аҳоли, айниқса, ёш авлодни мустақиллик ва адолат тантанаси учун курашган фидойи ота-боболаримизнинг хотирасига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг кўрсатган жасорати ва ибратли фаолиятларини тарғиб этишга қаратилган маънавий-маърифий тарғибот ишларини ташкил этиш.


Шундай қилиб, охирги йилларда янги Ўзбекистонни барпо этишда тарихий адолат ва ҳақиқатни тиклаш ишлари бир неча йўналишда олиб борилмоқдаки, шу йўналишлардан бири қатағон қурбонларининг меросини тиклаш, янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришдир.

Саидакбар АЪЗАМХЎЖАЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси 
профессори, тарих фанлари доктори.