Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Инсон” қасидаси қандай яратилган?
11:45 / 2020-10-28

“Инсон” қасидаси 1973 йилда ёзилган. Илк марта шоирнинг 35 минг нусхада чиққан “Муҳаббат” шеърлар тўпламига кирган (1976).


Президентимиз Шавкат Мирзиёев Марғилонда атоқли шоир Эркин Воҳидовнинг музейи ва ижод мактабининг очилишида хонанда Озодбек Назарбековга кутилмаган бир таклиф билан мурожаат қилди:

“Улуғ шоиримизнинг “Инсон” қасидаси беназир асар. Уни бир қанча тилларга таржима қилиб, куйга солиб қўшиқ қилиб айтинглар. Ҳозир ҳам инсон ғояси қанчалар ноёб ва азиз эканлигини одамлар, ёшлар билсин”.

“Инсон” қасидаси 1973 йилда ёзилган. Илк марта шоирнинг 35 минг нусхада чиққан “Муҳаббат” шеърлар тўпламига кирган (1976).

Ўша йил Эркин Воҳидов Гётенинг улуғвор трагедияси “Фауст”ни ўзбекчага таржима қилишга киришди. “Фауст”ни чуқур ўрганиш ва севиб таржима қилиш унинг ижоди, инсоний қарашлари ўсиши, ўзгаришига сабаб бўлди. Дастлаб “Арши аълодаги Дебоча”ни таржима қилатуриб у қаттиқ ҳаяжонли дамларни бошидан кечирди. Шу фавқулодда ҳаяжон ичида биз дўстларига «Дебоча»ни ёниб, тошиб ўқиб берди. Биз ҳам янги шеър оҳангларидан лол қолдик.

– Инсон ғоясининг бунчалар чуқур ва серқамровлигини қаранг, – деди шоир ҳали биз фикримизни билдириб улгурмай, – инсон маърифати билан иблиснинг макру найранглари тўхтамай давом этадиган мангу кураш манзараларини қаранг! Таржима бу ёқда қолиб хаёлимда шу руҳда тантанавор шеърлар туғиляпти қасидага ўхшаган. Насиб этса, тугаллаб ўқиб бераман... Шоир сўзида турди. Тез орада “Инсон” қасидаси, “Руҳлар исёни” ва неча-неча донишманд ғазаллар туғилди.

“Инсон” қасидасида инсон фалсафий борлиғининг қамрови яратилган, асар ғоятда бой ва реалистик, ҳаётга ҳамоҳанг. Шарқ шеърияти қасида анъанасида бундай ғоятда таъсирчан қофия ва сифатлаш. ўхшатиш, қиёслаш, ишоралар учрамаган эди. “Инсон"да маконлар, замонлар айни XX аср донишманди нигоҳида хаққоний мужассамланди. Эркин Воҳидов “Инсон” ва “Ўзбегим”, “Ўзбекистон”, “Қўллар” сингари бошқа қасидаларида ўша замон партия-совет тузумининг талабларига бўйсуниб, “социалистик қадриятлар”, “қалбаки қаҳрамонликлар”ни эмас, ўзбек халқининг умуминсониятга чамбарчас туташ бўлган ўлмас қадриятларига урғу берди. Шоир ғазал дунёсини қандай янгилаган бўлса, мумтоз адабиётнинг ўқи ҳисобланган қасидани ҳам шундай ҳар томонлама янгилади.

Мана, ажиб ва ноёб қўшиқ дунёга келди. Уни ўзбек тилида Озодбек Назарбеков, қозоқ тилида Омирқул Айниязов, араб тилида Аҳмад Ал- Хурайбий, туркчада Рафет Эл-Роман, итальян тилида Алессандро Сафина, инглиз тилида Дилафруз Рустамова, тожик тилида Зафар Абдуалимов, рус тилида Олег Газманов юракдан самимий куйладилар. Куй сўзга, сўз куйга ғоятда мувофиқ тушди. Гўзал овозлар бир-бирига уланди. Оҳанграбо бир қўшик олам уфқларига ёйилди...

Иброҳим Ғафуров,
Ўзбекистон санъат арбоби, адабиётшунос