Статистик маълумотларга кўра, ўтган йили Тошкент туманлараро иқтисодий судига банкрот деб топиш билан боғлиқ аризалар 1345 тани ташкил этган. Аризаларнинг 738 таси ёки 54,9 фоизи қайтарилган, 1 таси ёки 0,08 фоизини қабул қилиш рад этилган, ҳисобот даврига қолдиқ бўлиб ўтган аризалар билан бирга 580 та ёки 43,13 фоиз аризалар иш юритишга қабул қилинган.
Ушбу йил банкрот деб топиш билан боғлиқ кўрилган 540 та ишларнинг 478 таси ёки 88,5 фоизи қаноатлантирилган, 10 таси ёки 1,9 фоизини қаноатлантириш рад этилган, 43 таси ёки 8,0 фоизи бўйича ариза кўрмасдан қолдирилган ва 9 таси ёки 1,7 фоизи бўйича иш юритиш тугатилган (шундан 2 таси келишув битими асосида) ҳамда 1 таси ёки 1,1 фоизи бўйича санация қўлланилган. Мазкур йилда қўзғатилган банкротлик ишларининг 18 таси ёки 3,33 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.
Банкрот деб топиш билан боғлиқ 478 та иқтисодий ишларнинг 83 таси ёки 17,4 фоизи умумий ва 395 таси ёки 82,6 фоизи эса соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилган.
«Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг XI бобида банкротликнинг соддалаштирилган таомиллари тартибга солинган. Унга кўра тугатилаётган юридик шахслар ёки ўз фаолиятини тугатган қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки қарздор якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс ёки тугатилаётган юридик шахснинг раҳбари ҳозир бўлмаган ва уларнинг турган жойини (яшаш жойини) аниқлашнинг имкони бўлмаган тақдирда, кредиторлик қарзи миқдоридан қатъи назар, соддалаштирилган тартибда банкрот деб эътироф этилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 27 январдаги «Банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини иқтисодий судлар томонидан қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарорнинг 35-бандига кўра, қарздорнинг ҳозир бўлмаганлиги сифатида нафақат унинг раҳбари йўқлиги, балки хўжалик юритувчи субъект мол-мулкининг йўқлигини ҳам тушуниш лозим.
Бу ҳол қарздор — юридик шахс турган жойи (почта манзили) бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, уй-жой мулкдорларининг ширкати, турар жой ёки одам яшамайдиган жойнинг мулкдори вакиллари ва (ёки) суд бошқарувчиси иштирокида тузилган далолатнома ёхуд қарздорнинг мол-мулки мавжуд эмаслиги сабабли ижро ҳужжатини ижросиз қайтариш тўғрисидаги давлат ижрочисининг қарори билан тасдиқланиши мумкин.
СОХТА БАНКРОТЛИК
Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан банкротлик ишларини юритиш билан боғлиқ муаммолар таҳлилига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда тугатиш бошқарувчилари томонидан соддалаштирилган тартибда банкротлик ишлари билан боғлиқ бир қатор муаммолар кўтарилди.
Биринчидан, қарздорни соддалаштирилган тартибда банкрот деб топиш ҳақидаги аризалар асосан давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан қарздорлик тўланмаганлиги, ушбу қарздорликни қоплаш учун қарздорнинг мол-мулклари мавжуд эмаслиги, қарздор фаолият юритмаётганлиги асослари билан судга тақдим этилади.
Суд томонидан қарздор соддалаштирилган тартибда банкрот деб эътироф этилганидан сўнг корхонани тугатишга доир иш юритиш бошланади ва тугатиш бошқарувчиси тайинланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 14 августдаги қарори билан «Сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш қоидалари» тасдиқланган. Мазкур қоидалар суд бошқарувчиси томонидан қарздорнинг молиявий-хўжалик фаолиятини сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш юзасидан таҳлил қилиш тартибини белгилайди.
Мазкур қоидаларнинг 4-бандига асосан, суд бошқарувчиси томонидан банкротлик тўғрисида иш қўзғатишдан олдинги 2 йилгача бўлган даврдаги фаолият таҳлил қилинади.
Бироқ, аксарият ҳолатларда давлат солиқ органлари томонидан қарздор корхона 2 ёки 3 йил фаолият кўрсатмагани, қарздорлигини тўламаганлиги сабабли қарздорни соддалаштирилган тартибда банкрот деб топиш тўғрисидаги аризалар судга кеч киритилмоқда.
Натижада тугатиш бошқарувчилари томонидан юқорида қайд этилган қоидаларнинг 4-бандида белгиланган 2 йиллик муддат ўтиб кетганлиги сабабли сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва айниқса, қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш имкони бўлмайди.
Бу эса ўз-ўзидан қарздор корхона томонидан инсофсизларча ҳаракат қилиниб, корхонанинг активлари, мол-мулклари ноқонуний равишда бегоналаштирилганлиги сабабли давлат бюджетига тушиши лозим бўлган солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловлар тўланмасдан, қасддан банкротликка олиб келиш ҳоллари мавжуд бўлган тақдирда ҳам тугатиш бошқарувчиси томонидан аниқланмасдан қолишига сабаб бўлмоқда.
Ваҳоланки, бенефициар ва аффилланган шахсларнинг биргаликдаги хатти-ҳаракатлари оқибатида сохта банкротлик, банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш аломатлари аниқланганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳукми мазкур шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда субсидиар жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 1 февралдаги қарорининг 1-бандида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциациясининг 2019 йил 1 июлдан давлат солиқ хизмати органлари солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш имконияти бўлмаганлиги сабабли ижро ҳужжатлари қайтарилган кундан бошлаб 30 кундан кечиктирмасдан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши тартибини ўрнатиш ҳақидаги таклифи маъқулланган.
Шу сабабли давлат солиқ органлари томонидан қарздорнинг мол-мулклари, пул маблағлари мавжуд бўлмаганда, ўз вақтида кечиктирмасдан қарздорни соддалаштирилган тартибда банкрот деб топиш тўғрисидаги аризаларни судга тақдим этишларини таъминлаш ҳамда юқорида қайд этилган қоидаларнинг 4-бандидаги суд бошқарувчиси томонидан банкротлик тўғрисида иш қўзғатишдан олдинги 2 йилгача бўлган даврдаги фаолият таҳлил қилинишини 4 йилгача узайтириш таклиф этилади.
Ўз навбатида, муддатларга риоя этмаслик келгусида тугатиш бошқарувчилари томонидан қарздор корхонанинг дебитор қарздорликларини ундириш бўйича судларга даъво аризаси киритганда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида белгиланган уч йиллик даъво муддатини қўллаган ҳолда даъво талабларини қаноатлантиришни рад этишга олиб келмоқда.
Иккинчидан, “Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 22-моддасига кўра, суд бошқарувчисига вазифасини бажарганлиги учун ҳақ тўлашнинг миқдори ва тартиби кредиторлар йиғилиши томонидан белгиланади, иқтисодий суд томонидан тасдиқланади ҳамда агар кредиторлар билан тузилган битимда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 1 февралдаги қарорининг 3-бандига кўра, банкротликнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилганда, агар қарздор билан бошқача келишув белгиланган бўлмаса, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатларининг ўрни қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик ҳақида иш қўзғатиш тўғрисида ариза берган солиқ органи томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Бунда суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисоб-варағига базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида олдиндан тўлов амалга оширилади.
Бироқ, амалиётда аксарият ҳолларда суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш ишлари солиқ органи томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланмаётганлиги, қопланган тақдирда ҳам базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари ҳозирда 810.000 сўмни ташкил этиши, бу эса суд бошқарувчисининг банкрот корхона билан боғлиқ ўзига юклатилган вазифаларни амалга оширишга етмаслигини кўрсатмоқда.
Учинчидан, “Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 62-моддасига кўра, кузатув банкротлик тўғрисида иш қўзғатилганда, иқтисодий суд қарздорни банкрот, деб топиш тўғрисидаги аризани иш юритишига қабул қилган санадан эътиборан жорий этилади, ушбу қонунга мувофиқ банкротликнинг бошқа таомили қўлланилиши лозим бўлган ҳоллар бундан мустасно. Банкротлик тўғрисида иш қўзғатилган тақдирда иқтисодий суднинг аризани иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримида кузатув жорий этилганлиги кўрсатилади.
Қонуннинг 70-моддасига кўра, кредиторларнинг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун қарздорга нисбатан кузатув жорий этилганлиги тўғрисидаги маълумот расмий нашрда эълон қилинган пайтдан эътиборан ўттиз кун ичида кредиторлар ўз талабларини қарздорга тақдим этишга ҳақли.
Бироқ, қонуннинг 49-моддасига асосан, банкротлик тўғрисидаги иш иқтисодий суднинг мажлисида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши лозим. Банкротлик тўғрисидаги ишни кўриш алоҳида ҳолларда бир ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
Мазкур ҳолатда иқтисодий суд томонидан банкротлик тўғрисидаги иш бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши белгиланган бўлса-да, кузатувнинг муддати, у жорий этилганидан сўнг ўттиз кун ичида кредиторлар ўз талабларини қарздорга тақдим этишга ҳақли эканлиги инобатга олинмаганлиги сабабли банкротлик ишларини юритишда муддатлар масаласида муаммолар юзага келмоқда.
Тўртинчидан, банкротлик иши соҳасида ваколатли давлат органи, яъни Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан суд бошқарувчиларини тайёрлаш ишлари кучайтирилиши лозим бўлади. Чунки айни пайтда суд бошқарувчилари кам бўлиб, уларнинг иш юклама эса кўп. Бу эса ўз навбатида банкротлик ишларини ўз вақтида якунлаш ишларига ҳам тўсқинлик қилмоқда.
Ушбу давра суҳбати иқтисодий ночор, зарар кўриб ишлаётган ҳамда истиқболсиз корхоналарни тугатиш билан боғлиқ банкротлик ишларини сифатли олиб бориш, кредиторларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади. Семинарда Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьялари, Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьялари, Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг банкротлик ишлари бўйича масъул ходимлари, Тошкент шаҳар прокуратураси ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси вакиллари, Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси аъзолари ҳамда Тошкент шаҳрида фаолият олиб борувчи суд тугатиш бошқарувчилари иштирок этишди.
Ислом Ҳамраев, Тошкент туманлараро иқтисодий суди раис ўринбосари,
Мансур Эргашев, Тошкент шаҳар суди судьяси