Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иншоотларда 3 миллиард 445 миллион метр кубдан зиёд табиий газ жамланди
10:26 / 2023-11-07

“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти тизимида куз-қишга тайёргарлик ишлари белгиланган режа асосида тизимли олиб борилди.

Бу ҳақда  “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти ахборот хизмати  раҳбари Шаҳноза Равшанова АОКАда ўтказилган брифингда  маълум қилди.  

Ахборот хизмати раҳбарининг таъкидлашича, жорий йилда 106 километрдан ортиқ янги магистраль газ қувурлари қурилган. Жумладан, “Фарғона-Риштон” ҳамда “Бухоро-Урал” магистраль газ қувурлари бўйлаб 39 км. ҳамда 22 км. узунликда янги тармоқлар барпо этилган. “Янгиер-Оҳангарон” йўналишида 32 км.га яқин қувур тортилган.  

– “Шўртан-Сирдарё” магистраль газ қувури билан “Ширин” ГТСни боғловчи 4,7 км, “Янги Андижон” газ тақсимлаш станциясига келтирувчи 2,2 км. газ қувури қурилгани ҳам шулар жумласидандир. Газ транспорт тизимининг ишончли ва хавфсиз ишлашини таъминлаш мақсадида магистраль газ қувурларида диагностика ишлари бажарилди. Шундай тадбирлар натижасида аниқланган 54 км. нуқсонли қисмлар алмаштирилди. Таъмирланган участкаларда ишчи босим кўрсаткичлари 1,5 баробарга оширилди.  

Магистраль газ қувурларидаги 5,5 мингга яқин беркитиш мосламаси тафтиш қилинди. Нуқсонли мосламалар алмаштирилди. Қувурларнинг ер устидан ҳаволаб ўтган 400 га яқин таянчи, автомобиль ва темир йўллар билан кесишган қарийб 600 та қисми текшириб таъмирланди.  

Тизимда мавжуд 427 та газ тақсимлаш ва ўлчаш станциясидаги 2100 тага яқин босим ростловчи мослама, тозалаш фильтрлари ва иситиш қурилмалари текширувдан ўтказилиб, нуқсонлилари алмаштирилди. 250 дан ортиқ беркитиш мосламаси таъмирланди.  Андижонда улгуржи истеъмолчилар учун янги “Асака-2" газ тақсимлаш станцияси ишга туширилди,  – деди Ш. Равшанова.  

Брифингда жорий йилдаги муҳим тадбирлардан яна бири “Хива-Бейнеу” магистраль газ қувурининг 307-километрида “Қорақалпоғистон” газ ўлчаш станциясининг қурилгани ва у  жорий йил 7 октябрь куни  фойдаланишга топширилгани айтиб ўтилди. Шунингдек, компрессор станцияларида ҳам қатор тадбирлар амалга оширилган.  

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида жамият тизимидаги газни ер остида сақлаш иншоотларига қарийб 3,5 миллиард метр куб табиий газ жамлаш режалаштирилган эди. 6 ноябрь ҳолатига кўра, иншоотларда 3 миллиард 445 миллион метр кубдан ортиқ табиий газ жамланди. “Хўжаобод” газни ер остида сақлаш иншоотида фаол газ сақлаш ҳажмини оширишга оид лойиҳа доирасида 5 та қудуқ бурғиланган.  

 

Н.Зиёдуллаева,  ЎзА