Маълумотларга кўра, бугунги кунга қадар янги қурилган кўп қаватли уйларнинг айримларида тегишли инфратузилма кўзда тутилмагани сабабли қайта қурилиш ишларини олиб боришга тўғри келмоқда.
Бундай оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида бундан кейин бино ва иншоотлар қурилишида замонавий телекоммуникация инфратузилмаси мажбурий бўлади. Хусусан, кўп қаватли уйларда яшовчиларнинг аризаси бўлганда хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига бинода мавжуд инфратузилмадан беғараз фойдаланиш имконияти яратилади. Операторларга телекоммуникация инфратузилмаси объектларидан биргаликда фойдаланишга рухсат берилади.
Ушбу тартиблар янги таҳрирдаги "Телекоммуникациялар тўғрисида"ги қонун лойиҳасида ўз аксини топган. Лойиҳа Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Амалдаги "Телекоммуникациялар тўғрисида"ги қонунга олдин мавжуд бўлмаган қатор янги нормалар киритилмоқда. Жумладан, асосий атамалар халқаро нормаларга мувофиқлаштирилмоқда, оператор ва провайдерларнинг ўзаро тармоқ хизматларини аҳолига кўрсатиладиган телекоммуникация хизматларидан фарқлаш мезонлари киритилмоқда. Шунингдек, соҳа учун масъул органлар белгиланиб, уларнинг ваколатлари ўзаро тақсимланиб, вазифалари аниқ белгилаб берилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши телекоммуникация инфратузилмасидан самарали фойдаланиш имкониятини яратиш орқали хизматлар қамровини ҳамда сифатини оширишга хизмат қилиши қайд этилди. Интернетдан фойдаланиш имкониятининг кенгайиши орқали эса аҳоли давлат хизматларидан фаол фойдаланади ва электрон тижоратни амалга оширади.
Депутатлар қонун лойиҳасини муҳокама қилиш давомида айрим нормалар бўйича бир қатор савол ва таклифларни ўртага ташлади. Ушбу таклифлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида инобатга олинадиган бўлди.
М.Комилова, ЎзА