ФОТОРЕПОРТАЖ
Президентимизнинг “Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва уларнинг қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Гулистон тумани “Иноқлик” МФЙда намунавий “Маҳалла сервис компанияси” ташкил этилди.
Бундан мақсад компания маҳаллалардаги ободонлаштириш ишларини янги босқичга олиб чиқиш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, коммунал хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, энг асосийси, маҳалла фуқароларини ўз яшаш ҳудудларини асраб-авайлашга кенг жалб этишдан иборат.
[gallery-24451]
“Маҳалла сервис компанияси” 12 турдаги замонавий техник жиҳозлар, махсус воситалар ҳамда 2 дона кабинали электр мотороллер билан таъминланди. Компания ўз олдига маҳалла кўчаларини тартибга келтириш, хонадонлар атрофига ободлик бағишлаш, дарахт ва гул кўчатлари экиш, мавжуд яшил ҳудудларни сақлаш, ички йўлларни таъмирлаш, чиқиндиларни белгиланган тартибда олиб чиқиш, шунингдек, коммунал хизматлар ва аҳоли ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйишни асосий вазифа қилиб белгилаган.
Янги сервис компанияси ишга туширилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда Гулистон тумани ҳокими Олимжон Жўраев, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи Уйғун Ҳотамов, шунингдек, маҳалла нуронийлари, фаоллар, кенг жамоатчилик қатнашди.
Шаҳриёр ОРТИҚБОЕВ (сурат), ЎзА