English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иноқлик маҳалласида ободончилик ишлари қизғин
11:57 / 2023-11-29

Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги Иноқлик маҳалласида ҳам "Обод хонадон– обод кўча– обод маҳалла" мезонларини жорий қилиш, маҳалланинг инфратузилмасини яхшилаш борасида кенг кўламдаги амалий ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда.

Туманнинг чекка, шароити оғир ҳудуди, деб топилган ушбу маҳаллада туман электр тармоқлари корхонаси томонидан 4 км ҳаво тармоғи тортиш, 117 дона темир -бетон устун ва 2 дона трансформатор ўрнатиш ишлари режалаштирилган бўлиб, шундан ҳозирги кунда 95 дона темир- бетон устуни олиб келиниб, 82 донаси ўрнатилди. Айни кунларда қолган устунларни ўрнатиш ишлари давом этмоқда.Қишлоқ  Форобий кўчасининг 700 метр қисмига асфальт ётқизилиб, кўча ёнларига  бетон ариқлари ётқизиш ишлари олиб борилмоқда.Маҳалла ҚВП биноси қайтадан реконструкция қилиниб, МФЙ биноси янгидан қурилмоқда.  

Маҳалла ҳудудида аёлларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида яна бир муҳим объект – "Гулистон Сайқали Текстил" кластерининг шинамгина тикувчилик  цехи биноси барпо этилмоқда.Ушбу цехда 50 нафар иш ўрни  яратилиши кўзда тутилган.  

–Қишлоғимизда чевар хотин-қизлар жуда кўп, – дейди уй бекаси Х.Алимова. –Шаҳарга бориб ишлайлик десак, йўл олис, бу ёқда рўзғор. Қишлоғимизда тикувчилик цехи қурилаётганлигини эшитиб, жуда қувондик. Биз аёллар бу цехнинг ишга туширилишини интиқлик билан кутаяпмиз.  

Маҳалла гузари қурилиши ҳам якунига етай деб қолди. Янги бинонинг ташқи ва ички фасадлари безатилиб, бино атрофига манзарали гуллар ва дарахт кўчатлари экилмоқда. Маҳаллада истиқомат қилувчи фуқароларнинг даромад манбаини ошириш мақсадида хонадонларнинг бўш ер майдонларига бир гуруҳ жамоатчилик вакиллари томонидан туман ҳокими Ў.Мамадаминов ташаббуси билан олхўри,олма, ўрик, олча каби  мевали дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда.

Бундан ташқари, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси дастури доирасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.Туман ҳокими ўринбосари М.Худойбердиева бошчилигида маҳалла хотин-қизлари фаоллари иштирокида бўш ер майдонига 500 тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, "Оналар боғи"барпо этилди.

"Ташаббусли бюджет"туфайли Иноқлик маҳалласининг ҳам кўп йиллик муаммоси ўз ечимини топмоқда. Гап шундаки, кўп йиллардан буён" Иноқлик" маҳалласининг Уювли қишлоғига олиб борувчи автомобиль йўлининг носозлиги туфайли автомашиналар қатновида муаммолар бўларди. Айни кунларда бу муаммо ўз ечимини топмоқда. Иноқлик маҳалласи аҳли "Ташаббусли бюджет" лойиҳасида фаол қатнашиб, Уювли кўчасининг 3 км қисмига асфальт ётқизиш лойиҳасида ғолиб бўлишди.  

Шу кунларда Гулистон тумани Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ишчи-ходимлари томонидан маҳаллада кенг кўламдаги асфальт ётқизиш ишлари бошлаб юборилган.

–Очиғини айтсам, қишлоғимиз қисқа фурсатларда бу даражада обод бўлиб кетади, деб ўйламаган эдик,–дейди меҳнат фахрийси У.Холмирзаев.–Президентимизнинг қишлоқ аҳолисига бўлган эътибори туфайли мамлакатимиз қишлоқлари обод бўлмоқда. Бунинг учун ҳукуматимиздан чексиз миннатдормиз.  

Мухтасар айтганда, Иноқлик маҳалласида шу кунларда улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари қизғин давом этиб, маҳалла ва хонадонларда ободлик шукуҳи, аҳолида шукроналик туйғулари ҳукм сурмоқда.  

Шуҳрат Суяров,  

ЎзА мухбири