Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ином Маджидов: “Таълим тараққиёт карвонидан ҳамиша олдинда юрмоғи лозим” (+видео)
16:45 / 2024-03-01

Мамлакатларнинг жаҳондаги обрў-эътибори, илмий ва инновацион ривожланиш даражаси кўп ҳолларда таълимдаги муваффақиятлар билан белгиланади.

Юртимизда салоҳиятли мутахассисларни тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш борасида кейинги йилларда амалга оширилаётган изчил саъй-ҳаракатлар натижасида таълим тизимининг янги қиёфаси яратилмоқдаки, бу эришилаётган натижаларда ўз аксини топмоқда.

Рақамларга эътибор қаратилса, бугунги кунда юртимизда беш миллиондан ортиқ ўқувчи мактабларда, бир миллиондан зиёд талаба олий ўқув юртларида, 560 мингдан ортиқ ўқувчи профессионал таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. 

Таълимни ривожлантириш асносида унинг мазмуни ва методологияси, моддий база ва педагогик таъминот, тизимнинг структураси, сон ва сифат кўрсаткичларида мутаносибликка эришиш мақсадида ўтган йиллар давомида давлатимиз раҳбари томонидан юзга яқин қарор ва дастурлар имзоланди. 

Хўш, ушбу қарорларнинг ижроси таълим муассасаларида қандай таъминланмоқда? 

Кўзланган мақсадларга эришиш, Янги Ўзбекистоннинг янги ютуқларини таъминлашнинг пойдевори бўлган таълим тизимини ривожланган давлатлар қаторига чиқариш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси қайси жиҳатлари билан алоҳида ажралиб турибди? 

Етук мутахассисларни, илмий салоҳияти юқори кадрларни тайёрлашда мактаб –олий таълим муассасаси – амалиёт (меҳнат бозори) занжиридаги боғлиқлик нуқталаридаги умумий ҳолатимиз қандай? 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Ином МАДЖИДОВ билан ўтказган суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

Мулоқот давомида шунингдек, соҳада амалга оширилаётган инновациялар, ислоҳотлар, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси, Миллий университет фаолияти, олий таълим муассасаларининг халқаро рейтинг кўрсаткичлари, қўлланилаётган ва режа қилинаётган янгича форматлар, халқаро тажрибалар, илмий тадқиқотлар йўналишидаги натижалар борасидаги актуал масалалар хусусида фикр юритилди. 

– Мамлакатимизда очиқлик сиёсатининг юритилиши таълим йўналишига ҳам катта ўзгаришларни олиб кирди. Халқаро стандартларнинг жорий этилиши асносидаги ўзгаришлар билан таълимнинг вобасталиги қандай кечмоқда? 

 Албатта, бу жуда кенг қамровли жараён. Ўзбекистонда таълим соҳасининг халқаро таълим майдонидаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар натижасида унинг ҳар жиҳатдан рақобатбардош, жаҳоннинг замонавий талабларига жавоб берадиган етук мутахассисларни тайёрлаш даргоҳларига айлантириш бугунги кунда олдимизда турган асосий вазифаларимиздан бири саналади. 

Давлатимиз раҳбарининг ўтган йиллар давомида имзолаган юзлаб қарор ва фармонларининг катта қисми Ўзбекистон таълим соҳасини халқаро талаблар асосида ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Инсоният тараққиётининг ривожланиш тенденцияларига назар ташласак, ҳар қандай тузилма, жамият ёки қайсидир бўғинларнинг гуллаб-яшнаши замирида етук ва салоҳиятли мутахассислар меҳнати мужассам. Узоққа бормайлик, ўтган йили декабрь ойида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишда давлатимиз раҳбари илм-фан, таълим ва тарбия, маънавият жамият тараққиётининг устувор масалалари эканини таъкидлаб, мамлакатимиз тараққиётини таъминлашда миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарурлигини айтиб ўтгандилар.

Бугун Ўзбекистонда индустриал давлатчилик тамойилларининг асослари яратилмоқда. Иқтисодиётда базавий соҳалар ривожланиши рўй бермоқда. Мамлакатимизга олдин тасаввур ҳам қила олмайдиган глобал инвестиция дастурлари шиддат билан кириб келмоқда. Бу, ўз навбатида янги-янги йўналишлар, катта-катта корхоналар, заводлар, ишлаб чиқариш зоналарининг бунёд бўлишига олиб келмоқда. Айни жараён меҳнат бозорида етук мутахассисларга бўлган талабни оширмоқда. Шундай жараёнда юртимизда олий таълим тизими бу юксалишларга ҳамқадам бўлмаслиги, аксинча 2-3 одим олдинда юриши кераклигини кўрсатмоқда. Жамият тараққиётини белгилаш, унинг мақсадли манзиллари хариталарини чизиб бериш, Президентимиз томонидан илгари сурилган Янги Ўзбекистон, Учинчи Ренессанс ғояларининг ҳаракатини таъминлашга хизмат қиладиган етук кадрларни етиштириб бериш таълим тизимининг асосий вазифасидир.

– Салоҳияти юқори кадрларни тайёрлашда оила – мактаб – касбий таълим – олий ўқув юрти – меҳнат бозори занжиридаги узвий боғлиқлик муҳим аҳамият касб этади. Бугун ушбу занжирнинг қайси бўғинида муаммолар бору, биз уларни бартараф этишда асосий эътиборни нималарга қаратишимиз керак, деб ҳисоблайсиз?  

– Яхши масалани айтдингиз. Дарҳақиқат, шахснинг оилада камолга етиб, мактабда тобланиб, касбий таълимда ёки олий ўқув юртида етук мутахассис бўлиб етишишигача бўлган боғлиқликлар, бир-бирини боғлайдиган бўғинлардаги ҳолат таълим-тарбиянинг узлуксиз тизим сифатида ривожланиши, жамият тараққиётига олиб келади. Оила – касбий таълим – олий ўқув юрти занжирини эсладингиз. Бироқ бу ерда ҳар учта нуқтани бир-бирига боғлаб турган жамият шахс манфаатларини умумлаштирувчи платформа бўлиши керак, назаримда. Битта муаммо атрофида ўралашиб, умумий ҳолатни, ўша камчиликни келтириб чиқараётган омилларни эсдан чиқармаслигимиз керак. Ҳаётимизга халқаро тажрибадаги рейтинг, мониторинг, рақамлаштириш каби тамойилларнинг кенг ёйилиши, жорий этилиши, шаффоф ва очиқлик сиёсати юритилиши жамиятнинг барча бўғинларини якдилликда кўришга олиб келди. Авваллари, туризм дейилса бу бошқа йўналиш, таълимга нима алоқаси бор, деган қарашга эга бўлганлар кўпчилик эди орамизда. Бугун ички ва ташқи туризмни ривожлантириш бевосита таълим, маҳалла, борингки жамиятнинг барча бўғинлари билан чамбарчас боғлиқлигини кўрмоқдамиз. Шу маънода, оила – мактаб – профессионал таълим – олий таълим – меҳнат бозори занжирининг қайси нуқтасида алоҳида муаммо борлигини эмас, умумий, глобал масала сифатида кенг ечимини топиш устида бош қотиришимиз керак, назаримда. Шундагина жамиятдаги жорий камчиликлар катта муаммоларнинг ҳал этилиши соясида барҳам топади.

– Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга таълим тизимидаги ҳаракатлар ўз вақтида жавоб беряпти, дея оламизми?

 Агар тарихга эътибор қаратсак, мамлакатимиз мустақилликка эришганидан 6-7 йил ўтиб, яъни 1997 йили Ўзбекистонда таълим тизимининг моделида ўзгариш қилинди. Унда ўзгарган таълим босқичлари белгилаб берилди. Лекин, афсуски бу тажриба самарали бўлмади. Мактаб таълими давомийлигини деярли қисқартириш ҳисобидан кейин ўрта-махсус, касбий таълим тизими киритилди. Яъни, олий таълимнинг бакалавриат ва магистратура босқичларини дунё тажрибасига мосладиг-у, ўрта-махсус, касбий таълимни халқаро тажрибага тўлиқ мосламадик. Олий таълим босқичлари жаҳон тажрибасига мувофиқлаштирилди. Шу билан бирга, таълим дастурлари, билим, ахборот манбалари, таълим технологиялари модернизацияси амалдаги чеклов ва чегаралардан моҳиятан чиқиб кета олмади. 

2017 йил Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг олий таълимни ислоҳ қилиш тўғрисидаги қароридан кейин биз том маънода турғун олий таълим тизимидан воз кечишга киришдик. Буни қилиш керак эмас, бу мумкин эмас, деган асоссиз тўсиқлар олиб ташланди. Дунё тажрибасига мослашишнинг чегарасиз имкониятлари вужудга келди. Бугун Ўзбекистон таълими дунёнинг илғор ва кўзга кўринган муассасалари билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш механизмлари ишга туширилди. Жаҳон рейтингларида Ўзбекистоннинг ўз позициялари пайдо бўлди. Авваллари биз халқаро рейтингга кириш тугул, баҳолаш мезонларига ҳам мослаша олмасдик.

– Рейтинглар тўғрисида сўз очдингиз. Ўзбекистон таълим муассасаларининг, хусусан Ўзбекистон Миллий университетининг халқаро рейтинглардаги кўрсаткичлари бугун қандай ҳолатда?

– Дунёда таълим муассасаларини баҳолаш рейтинглари турфа. Аммо улар орасида халқаро талабларга жавоб берадиган QS рейтинг тизими олий таълим муассасаларини кенг қамраб олган. 2023 йил 8 ноябрдаги QS халқаро агентлигининг Лондонда ташкил этилган навбатдаги йиғилишида  “QS World University Rankings: Asia 2024” рейтингида қатнашиш учун Осиё минтақасидан бир қатор университетлар ҳужжат тақдим этишган ва фақатгина 25 та давлатдан 856 та олий таълим муассасаси ушбу рейтингда ўрин эгаллашга муваффақ бўлди. Рейтингда энг яхши натижа қайд этган ТОП 10 университетлар қаторида Пекин университети, Гонгконг таълим университети, Сингапур Миллий университети, Ёнсе университети, Корё университети кабиларни кўришимиз мумкин. “QS World University Rankings: Asia 2024” рейтингида 2022 йилда Ўзбекистон олий таълим муассасаларидан  8 та университет қатнашган бўлса, 2023 йили яна 6 та университет ушбу рейтингда биринчи маротаба иштирок этди. Рейтинг натижаларига кўра, Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларидан “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети (249-ўрин), Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (301-350 ўрин), Тошкент давлат иқтисодиёт университети (401-450 ўрин) ТОП 500 университетлар қаторидан жой эгаллади.

Ўзбекистон Миллий университети QS дунё рейтингининг йўналишлари кесимида математикадан 400 таликда, физика-астрономиядан 600 таликда, замонавий тилшуносликдан 200 таликда ўрин эгаллади. 

Авваллари халқаро ҳамкорлик алоқаларининг у қадар ривожланмагани, кичкина бир дастурни жорий этиш учун ҳам қайсидир “эшиклардан” рухсат олиш кераклиги сабабли халқаро рейтингларга кириш имконсиз эди. Муҳими, республикамиз олийгоҳлари халқаро глобал рейтингларда ўз ўрнини эгаллаши сари амалий қадамлар ташламоқда. Ўйлайманки, 2024 йилда бу борада ҳам университетларимиз ижобий натижаларни қўлга киритади.

– Ўтган беш йиллик даврда мамлакатимиз таълим тизимига янгича форматлар, халқаро тажрибалар татбиқ этилди. Хусусий таълим даргоҳларига кенг йўл очилди. Бу сифатга таъсир кўрсатмайдими?

 Аксинча бундай тенденциялар, хусусий бўладими, хорижий филиалларми, давлат таълим муассасасими, улар ўртасидаги рақобат етук ва салоҳияти юқори бўлган мутахассисларнинг етишиб чиқишига замин яратади. Мутахассисларни тайёрлаш, етиштириб бериш тизими ҳам катта меҳнат бозори ҳисобланади. Бу курашда қайси таълим муассасаси жамиятга, соҳаларга малакали кадрларни етказиб бера олмаса, ўз-ўзидан бозордан чиқиб кетади. Негаки ўқишга кирувчиларнинг таълим муассасаларини танлаш имконияти кенгаяди ва аксинча, абитуриентларни жалб этиш учун ўқув юрти салоҳиятини, обрўсини кўтариш устида ишлаши керак бўлади. Бугун Америка, Европа ва Осиё қитъасида жойлашган дунё тан олган барча таълим муассасалари ҳам айнан ана шу рақобат, сифат кўрсаткичини юксалтириш учун курашиш асосида фаолият кўрсатади. 

– 1918 йил Туркистон халқ университети номи билан ташкил этилган Ўзбекистон Миллий университетининг илмий ва педагог кадрлар тайёрлашда бошқа таълим даргоҳлари билан кечаётган соғлом рақобатдаги ҳолати таҳлил этиладими? Умумий таҳлиллар жараёнидаги вазият қандай?

– Бусиз мумкин эмас. Миллий университетимиз шонли тарихга эга улуғ даргоҳ. Бу маскандан Ўзбекистон илм-фанининг етук устунлари, забардаст олим-у фузалолари етишиб чиққан. Университетимиз 1918 йил ташкил топган бўлса, унинг биринчи раҳбари Мунавварқори Абдурашидхонов бўлганини назарда тутсак, жадидчиликнинг XX аср илк йиллардаги катта ҳаракати ушбу билим ўчоғи билан ҳам боғлиқ дейишимиз мумкин. Биласиз, фан оламида илмий мактаб яратиш ўта ноёб ҳодиса. Бу борада улуғ мутафаккирларимиз Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек асос солган анъаналар Миллий университетимиз олимлари томонидан муносиб давом эттирилди. Таълим даргоҳимизда камолга етган Ҳабиб Абдуллаев, Обид Содиқов, Саъди Сирожиддинов, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Жўра Мусаев, Маҳмуд Салоҳиддинов, Шавкат Алимов, Азимбой Саъдуллаев каби олимларнинг илмий мероси жаҳон илм-фанининг ноёб дурдонаси сифатида дунё таълими масканларида мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилмоқда. Бу масканда таълим олган кўплаб олимлар ҳозирда хорижий олий таълим муассасаларида ҳам муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. 

Бугунги кунда Миллий университетда 14 нафар академик, 250 дан ортиқ фан доктори ва профессорлар, 450 дан зиёд фан номзоди, фалсафа доктори ва доцентлар фаолият кўрсатмоқда, 1000 дан ортиқ ёш олимлар илмий тадқиқотлар олиб бормоқда. Улкан илмий салоҳиятга эга бўлган университетимиз мамлакатимиз илм-фанининг таянч олий таълим маскани ҳисобланади. Унда барча классик университетлар учун Давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурлари тайёрланиб келинмоқда. Бундан ташқари, хорижий таълим муассасалари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, илғор технология ва коммуникация тизимларини жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, ривожланган давлатларнинг 100 дан ортиқ олий таълим ва илмий муассасалари билан алоқалар ўрнатилгани, турли лойиҳа ва дастурлар ишлаб чиқарилаётгани мамлакатимиз таълим тизимини ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Hu3rPDFvj04" title="Inom Madjidov: “Ta’lim taraqqiyot karvonidan hamisha oldinda yurmog‘i lozim”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Самимий суҳбатингиз учун раҳмат.

ЎзА мухбири Тўлқин Рўзиев суҳбатлашди. 

Аброр Содиқов (видео)