Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ином Жўрамуродов: Байроғимизни кўрсам, яқин инсонимни кўргандек қувонаман (+видео)
09:04 / 2023-11-18

18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун

Ўзбекистон Республикаси байроғи – давлатимизнинг рамзи, асосий белгиси, бир бўлаги. Ҳар гал байроққа кўзим тушганда, беихтиёр, ўзгача фахр туйғусини ҳис қиламан. Ҳар куни эрталаб ишга кетаётиб ёки кечқурун қайтаётиб, пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” майдонида ўрнатилган улуғвор туғимизга қараб ўтаман: шамолда чиройли ҳилпираб, мағрур бўй кўрсатиб турганидан кўнглим хотиржам тортади, шукроналик туйғусига тўлади.

Байроқ ҳар бир фуқаро учун ғурур тимсоли, айниқса хориждаги ватандошларимиз учун ўзгача қадрли, аҳамиятли.

Давлатимиз мустақилликка эришгач, ўз байроғимизга эга бўлдик. 1991 йил 18 ноябрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Айни кунларда ушбу сананинг 32 йиллигини нафақат юртдошларимиз, балки чет элда яшаётган, ўқиётган ватандошларимиз ҳам тантана қиляпти. Шу муносабат билан турли давлатларда таҳсил олаётган ёшларимизнинг байроғимиз ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.

Шуҳрат Тоғаев, АҚШдаги “Columbia University” доктаранти:

– Ҳар бир халқ учун ўз Ватани рамзи муқаддас. Хусусан, мамлакат байроғида ҳам муайян миллатнинг шонли ўтмиши, буюк келажаги, асрий анъана ва урф-одати акс этади.

Шу маънода байроғимиз ҳар бир ўзбекистонлик учун миллий ифтихор тимсоли. Айниқса, Ватандан олисда юрган инсонлар айни туйғуни янада чуқур ҳис этса керак. Океан орти мамлакатида таҳсил олсамда, юртимизда кечаётган ўзгаришлар, муҳим сана ва байрамларга алоҳида эътибор билан қарайман.

Жорий йил сентябрь ойида Президентимизнинг АҚШга, БМТ анжуманига ташрифи чоғида бир гуруҳ ватандошларимиз Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш учун Нью-Йорк марказидаги кўчаларга байроқ кўтариб чиқди. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Ўшанда ўтиб-қайтаётган одамлар байроғимизни кўриб, “Uzbekistan” дея ўз муносабатларини билдиришди. Яъни, улар бизни байроғимиз орқали таниди. Бу ҳолат ҳар биримизга чексиз ғурур, хурсандлик бағишлади.

Барча юртдошларимизни байроғимиз қабул қилинган ушбу ажойиб кун билан самимий муборакбод этаман.

Ином Жўрамуродов, Хитойдаги “University of the Chinese Academy of Sciences” доктаранти:

– Мен давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қайта ташкил этилган “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2022 йил ўтказилган биринчи танловида ғолиб чиқиб, ҳозир илм-фан юксак ривожланган давлатлардан бири – Хитой Халқ Республикаси Фанлар академияси университетида доктарантура дастури доирасида илмий тадқиқот олиб боряпман.

Шу кунларда Ўзбекистонимизда яна бир байрам шукуҳи кезиб юрибди. Яъни, байроғимиз қабул қилинганининг 32 йиллиги кенг нишонланмоқда. Эътиборли жиҳати, ўтган давр мобайнида дунёнинг турли минтақаларида, спорт мусобақаси, илм-фан олимпиадаси ёки бошқа тадбирларда мунтазам равишда ҳарир байроғимиз ҳилпираб келмоқда.

Масалан, жорий йил Хитойнинг Ханжоу шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ва Параосиё ўйинларида байроғимиз 47 марта бошқа мамлакатлар байроғидан юқори кўтарилди. Бу барча юртдошларимиз учун ифтихор.

Хитойга илк бор келганимда ўзим билан Ўзбекистон байроғини олиб келишни унутганман ва бундан жудаям афсусланганман. Шу йил ёзда уйга бордим ва қайтишда жомадонга энг аввал байроғимизни жойладим. Ўша байроқ ҳозир ўзим яшаётган талабалар турар жойи пештоқига ўрнатилган. Ҳар куни эрталаб ташқарига чиқишим билан кўзим тушадиган байроғимиз ота-онам, қишлоғим, Ватанимни, ҳар бир ишда юртга наф келтиришим зарурлигини эслатиб туради. Ортимизда давлатимиз, Президентимиз, халқимиз турганини ҳис қиламан.

Бундан ташқари турли халқаро ташкилотлар, меҳмонхоналар олдида, конгресс залларида ҳам кўплаб давлатлар қатори бизнинг байроғимиз ҳам нур таратиб турганини кўраман. Шунда худди яқин бир инсонимни кўргандек қувонаман, давлатимиз ҳеч қаерда ҳеч бир фуқаросини ёлғиз қолдирмаслигига имон келтираман.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/JS1J6PJHsjc?si=ncBbaFprfJ_hwqXs" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Гўзал Сатторова,

Анвар Аҳмедов(видео)

ЎзА