Ўтган бир ҳафта давомида Инновацион ривожланиш вазирлиги нафақат Ўзбекистон, балки хорижий илм-фан намоёндалари, олимлар, тадқиқотчилар, йирик компаниялар учун илм-фан ва инновацияларни бир жойга жамлаган маконга айланди.
Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида бўлди. Ҳафталик давомида ўтказилган турли тадбирлар, мусобақалар, анжуманлар ва тақдимотлар ташриф буюрувчиларда катта таассурот уйғотди.
“InnoWeek.Uz-2021”халқаро инновацион ғоялар ҳафталик тадбирларида 30 мамлакатдан 131 нафар хорижлик меҳмонлар ҳамда 380 та ташкилотлар ва корхоналардан жами 20 минг иштирокчи қатнашди.
[gallery-4845]
“InnoWeek.Uz-2021” халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги “Пандемиядан кейинги давр учун инновациялар: яшил технологиялар, сунъий интеллект, технологик инқилоб, стартап экотизими” шиори остида иш бошлади ва ҳафталик доирасида 10 дан ортиқ тадбирлар ва конференциялар ташкил этилди. Хусусан, “Постпандемия даври учун инновациялар ва инвестициялар форуми”, “Сунъий интеллект – технологик ривожланиш асоси”, “Водород технологиялари, қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежамкорлик соҳасида илмий тадқиқотларни ривожлантириш” ҳамда “Тадқиқотларни тижоратлаштириш ва технология трансферининг инновацион стратегиялари” бўйича халқаро миқёсдаги олимлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда долзарб мавзулар кўтарилди ва уларга ечим топишда ҳаракатлар стратегияси кўриб чиқилди.
Ҳафталик давомида “Technoways” технологик ривожланиш марафони ва “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони ғолиблари ҳам тақдирланди. Шунингдек, Халқаро робототехника мусобақаси ва 5-Туркий дунё болаларининг фан ва маданият фестивали ҳам ўтказилди.
– “Technoways” марафони доирасида кўплаб янгиликларга гувоҳ бўлдик, – дейди Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов. – Илм-фанда янгилик бўладиган бир қанча ғоялар билан танишдик. Буни ташриф буюрган барча меҳмонлар, мутахассислар таъкидламоқда. Бу эса илм-фанга бўлган ишончимизни оширди. Айниқса, ҳафталикда ёшларимизнинг иштироки кенг қамровли бўлгани кишини қувонтиради. Тадбирга келган меҳмонлар, мутахассис олимлар шунчаки ғояларни эмас, инновацияга айланган ишларни, инновацияга айланишга тайёр бўлган ишланмалар билан танишди. Мақсадимиз ҳам айнан шундан иборат эди. Ғоялар учун, стартаплар учун алоҳида тадбирлар ташкил қилинади. Буни биз анъанага айлантирмоқчимиз.
Мазкур ҳафталикда Ўзбекистон инновацион технология соҳасида юқори ўринларда турувчи давлатлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиб, ушбу соҳада яратилган янги технология ва ютуқлар борасида тажриба алмашиш, технологиялар трансферини амалга ошириш борасида қатор хорижий давлатлар билан илм-фан, инновациялар ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик олиб боришга келишиб олинди. Шунингдек, ушбу мамлакатлар делегациялари ҳафталик давомида бўлиб ўтган тадбирларда иштирок этди. Бундан ташқари, хорижий компаниялар билан бир қатор шартнома ва меморандумлар имзоланди.
Шу билан бирга инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази томонидан йўлга қўйилган Ўзбекистоннинг илмий салоҳиятига оид барча маълумотларни ўз ичига олган “Миллий илмий портал” ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигининг янгиланган сайти тақдимоти бўлиб ўтди.
Тижоратлаштириш форуми доирасида тижоратлаштиришгача тайёрлаш лойиҳалари натижасида эришилган инновацион маҳсулот ва технологиялар кўргазмасининг энг яхши иштирокчилари тақдирлади. Шунингдек, Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида эълон қилинган лойиҳалар танловлари ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. Вазирлик томонидан эълон қилинган “Стартап лойиҳалар танлови” ғолибларига грант маблағлари топширилди. “Энг яхши инновацион маҳсулотлари” танлови доирасида кўргазма иштирокчиларининг энг яхши стартап лойиҳалари тақдирланди.
Ҳафталик тўғрисида хорижий интернет ОАВларида 40 дан ортиқ материаллар чоп этилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА