2021 йилнинг 22-27 ноябрь кунлари Инновацион ривожланиш вазирлиги биносида хорижий илмий-инновацион марказлар, инвестицион фондлар, технологик агентликлар, технопарклар ва бизнес инкубаторларнинг фаол иштирокида навбатдаги “InnoWeek-2021” Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги бўлиб ўтади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Инновацион ривожланиш вазирлиги мутасаддилари иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қайд этилишича, “InnoWeek-2021” — мавжуд инновацион технологиялар билан танишиш, янги бизнес муносабатларини йўлга қўйиш, потенциал сармоядорларни жалб этиш ва ишончли ҳамкорлар топиш учун ажойиб имкониятларни тақдим этади.
Ҳафталик доирасида 23-26 ноябрь кунлари олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар билан хўжалик бошқаруви органлари, тармоқ ташкилотлари ва ҳудудлар ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган илмий ишланмаларни тижоратлаштириш Форумининг иккинчи (кузги) босқичи ўтказилади.
Форумда инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини ўзлаштиришга йўналтирилган ҳамда тижоратлаштиришгача тайёрлаш мақсадида 44та янги лойиҳа натижалари, тижоратлаштирилаётган инновацион ишланмалар ҳамда инновацион ҳудудларда ишлаб чиқарилаётган 200 дан ортиқ махсулотлар ва 2022 йилда ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган инновацион ишланмалар иштирок этади. Мазкур лойиҳалар асосан қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва фармацевтика ҳамда энергетика соҳасидаги инновацион ишланмаларни ташкил этади.
24-26 ноябрь кунлари анъанавий равишда ўтказилиб келинаётган “International Robotics Challenge-2021” робототехника мусобақаси бўлиб ўтади.16 ёшдан 22 ёшгача бўлган болаларни қамраб оладиган ушбу мусобақада 20 та мамлакатдан робототехникага қизиқувчи ёшлар ўзаро беллашади ҳамда энг яхши иштирокчилар қимматбаҳо совринлар билан тақдирланади.
24 ноябрь куни “InnoWeek-2021” ҳафталиги доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Осиё-Тинч океани технологиялари трансфер маркази билан биргаликда Тадқиқотларни тижоратлаштириш ва технология трансферининг инновацион стратегиялари бўйича минтақавий семинар ўтказилади.
Семинарда тажрибали спикерлар томонидан дунё тажрибаси асосида технологияларни трансфер қилиш ва тижоратлаштиришни ривожлантиришда давлат сиёсатининг ўрни, интеллектуал мулк бошқаруви ва технологияларни лицензиялаш, ҳукумат-саноат-илмий фаолият вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг энг яхши амалиёти ҳамда технологияларни трансчегаравий трансферини осонлаштириш учун минтақавий ҳамкорлик каби долзарб масалаларда керакли маълумотлар берилади.
Минтақавий семинар давомида технология трансфери ва тижоратлаштиришда муҳим бўлган асосий юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида ечим бўладиган амалиёт ва тажрибаларни муҳокама қилиш кўзда тутилган.
Шунингдек, қайта тикланувчи энергетика ва «яшил» водород технологиялари ҳамда энергия самарадорлик ва энергия тежамкорлик соҳаларининг ривожига тааллуқли янги технологиялар, маҳсулотлар, ғоялар, лойиҳалар кўргазмалари ва илк бор Ижтимоий-гуманитар фанларнинг инновацион кўргазмаси ташкил этилмоқда. Унда фанларни инновацион методика бўйича ўқитиш усулларига оид 20 дан зиёд лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА