French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инновациялар ― тараққиётнинг муҳим омили
20:15 / 2015-05-19

Тошкентда VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси очилди

Тошкентда VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси очилди

Ўзбекистонда инновация фаолиятини ривожлантириш истиқболлари йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Замонавий илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш, янги технологиялар ва инновацион маҳсулотлар яратилиши ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ички ҳамда ташқи бозорга рақобатбардош маҳсулотлар чиқариш кўламини кенгайтириш имконини бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги томонидан ташкил этилган ярмарка илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги кооперация алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётир. Унда вазирликлар, идоралар, банклар, иқтисодиётнинг барча тармоқлари корхоналари, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари, Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот институтлари, олий ўқув юртлари вакиллари фаол иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Шавкат Солиҳов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида илмий ва инновация фаолиятининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти, илмий-тадқиқот ишлари, интеллектуал мулкни янада ривожлантириш ва ҳимоя қилиш, янги ихтироларни амалиётга жорий этиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, табиий ресурсларни тежаш, экологик барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва шу йил 4 мартдаги 2015-2019 йилларда таркибий ўзгаришларни таъминлаш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш чора-тадбирлари дастури тўғрисидаги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мамлакатимизда инновация фаолиятининг рағбатлантирилаётгани аввал ўтказилган ярмаркалар натижаларида ҳам яққол кўринади. Инновация ярмаркаларида мамлакатимиз илм-фани салоҳияти юқорилиги ва миллий ишланмалар хорижникидан асло қолишмаслиги, ҳатто кўплаб кўрсаткичлар бўйича улардан устунлиги ўз ифодасини топмоқда.

VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари ва илм-фан каби йўналишларда қарийб беш юзта инновация лойиҳаси намойиш этилмоқда. Булар мамлакатимиз олимлари, мутахассислари ва ихтирочиларининг мутлақо янги ишланмаларидир.

Энергетика ва автоматика институтининг илмий ходимлари энергия тежаш ва муқобил энергетика бўйича инновация ишланмаларини тақдим этган. Масалан, бир гуруҳ олимлар томонидан чархпалак ёки гидравлика турбинаси ёрдамида ишлайдиган микрогидроэлектр станция яратилди. У олис аҳоли пунктлари, яйловлар, гидрометеостанциялар ва бошқа жойларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун мўлжалланган.

– МикроГЭС экологик жиҳатдан табиий ландшафт ва атроф-муҳит тозалигини сақлайди, – дейди лойиҳа муаллифларидан бири, кичик илмий ходим Дилшод Қодиров. – Станциянинг дастлабки тажриба намунаси Ўрта Чирчиқ туманидаги фермер хўжаликларидан бирида ўрнатилди ва энергия ишлаб чиқишда ўз самарасини кўрсатмоқда.

Бу йилги ярмаркада бир қанча янги йўналишлар ташкил этилди. Хусусан, илмий муассасалар ва олий ўқув юртлари томонидан яратилган илғор технологияларга мамлакатимиз ва чет эл ишлаб чиқарувчиларининг эътибори ҳамда инвестицияларини жалб қилиш мақсадида «Юқори технологиялар» (Hi-Tech) йўналиши фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда ҳужайра технологиялари, фармацевтика, АКТ бўйича инновация ишланмалари ва бошқа янгиликлар намойиш этилмоқда.

Сўнгги йилларда ярмарка ташкилотчилари муқобил энергия манбалари намойишига алоҳида эътибор қаратмоқда. Саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун яна бир янги – «Энергия ва ресурс тежайдиган технологиялар» бўлими ташкил этилди. Бу бўлимда энергетика ресурсларини тежаш, қайта тикланадиган энергия, энергия иқтисод қиладиган бино ва иншоотлардан фойдаланишнинг самарали услублари, энергетика аудити бўйича ишланмалар тақдим этилган.

Ярмаркада намойиш этилаётган нанотехнологияларни келажак технологиялари, деб бемалол аташ мумкин. Ўзбекистон олимлари илм-фаннинг ушбу янги соҳасида фаол тадқиқотлар олиб бораётир ва уларнинг натижалари ҳам ярмаркада тақдим этилган. Жумладан, Фарғона политехника институти илмий базасида хорижий инвестицияни жалб этган ҳолда ташкил қилинган «Maidaizol-Invest» масъулияти чекланган жамияти нанозаррачалардан энергия тежайдиган ҳимоя қопламасини ишлаб чиқди. Институт илмий бўлими раҳбари, профессор Сирожиддин Эргашевнинг айтишича, бу модда оддий бўёққа ўхшаш бўлиб, турли технологик қурилмаларга суртилади. Наноқоплама беш дақиқа ичида қотади ва иссиқлик энергиясини ишончли сақлайди. Қалинлиги бир миллиметр бўлган қатлам 650 градус иссиқликка бардош бера олади. Эски иссиқлик изоляторлари – пенопласт ва шишали пахта беш сантиметр қалинликда ўралган тақдирдагина шундай натижа бериши мумкин. Қолаверса, фарғоналик олимлар яратган инновация бошқа изоляторларга нисбатан 2-3 баравар арзон.

Таъкидлаш жоизки, навбатдаги ярмаркада «Ёшларнинг инновация ғоялари» республика кўрик танлови ғолибларининг ишланмалари кенг намойиш этилмоқда. Ушбу ишланмаларни саралашда уларнинг амалиётга татбиқ этишга тайёрлиги, энергия ва материал тежамкорлиги, маҳаллий хомашёдан фойдаланиш, бозорга янги маҳсулот чиқариш имконияти каби омилларга алоҳида эътибор берилди.

Ярмарканинг очиқ майдонида инновацияларнинг ҳақиқий мусобақаси бўлиб ўтди. Андижонлик ёш ихтирочи Ойбек Умаров ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг Бекзод Юнусов раҳбарлигидаги битирувчилари ўзлари ихтиро қилган электромобилларни намойиш этди.

– Биз яратган электромобиль туризм соҳаси учун жуда қўл келади, – дейди Б.Юнусов. – Батареянинг тўлиқ қуввати 80 километргача йўлни босиб ўтиш учун бемалол етади. Мамлакатимизда қуёшли кунларнинг кўплиги автомобилларга қувват бериш учун қулай имконият яратади. Ҳозир патент олиш учун ҳужжат тайёрлаяпмиз ва ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун қуёш энергияси ёрдамида ҳаракатланадиган электромобиллар ва микроавтобуслар яратишни режалаштирмоқдамиз.

Ярмарка доирасида, анъанага кўра, мамлакатимиз саноат корхоналари ишлаб чиқаришга инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳаларни татбиқ этиш самарадорлиги тўғрисида тақдимотлар ўтказмоқда.

Ярмарканинг дастлабки кунида корхоналар ва лойиҳачилар ўртасида маҳсулот ва технологияларни харид қилиш ёки жорий этиш бўйича қиймати 3 миллиард сўмликдан ортиқ 140 дан зиёд шартнома имзоланди.

Ярмарканинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Икромов ва У.Розуқулов сўзга чиқди.