Инновацион ривожланиш вазирлиги иккита институт билан 110 миллиард сўмлик келишувни амалга оширади
Унда соҳа мутахассислари, журналистлар ва вазирлик мутасаддилари, ёш тадқиқотчилар иштирок этди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “Олмалиқ“ КМК АЖ томонидан “Геология соҳасида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Унда соҳа мутахассислари, журналистлар ва вазирлик мутасаддилари, ёш тадқиқотчилар иштирок этди.
Тадбир давомида иштирокчилар дастлаб “Металлург” МСдаги комбинат музейи билан яқиндан таништирилиб, унинг тарихи ва олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида видео лавҳа намойиш этилди. Шунингдек тажриба-бойитиш фабрикаси, рух заводи, “Қалмоққир” ва “Ёшлик“ конларига ҳам ташриф буюрилди.
Маълум қилинишича, Инновацион ривожланиш вазирлиги “Олмалиқ“ КМК ва Навоий КМК билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда соҳадаги илмий тадқиқот муассасаларини ривожлантиришга қаратилган стратегик ҳужжатлар қабул қилинган.
– Бугунги кунда мазкур ташкилотлар таълим ва илм фан соҳаларига бефарқ эмаслиги ҳамда ушбу йўналиш орқали ташкилотнинг бугунги кундаги халқаро ва маҳаллий иқтисодиётдаги ўрнини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда – дейди Инновацион ривожланиш вазирлигининг иқтисодиёт реал секторига инновацияларни жорий қилиш ҳамда тадқиқ этиш бошқармаси бошлиғи Aбдуваҳоб Aбдукаримов. –Буларга бир қанча мисол келтиришим мумкин. Геология соҳаси бўйича илмий фаолиятга оид давлат дастури танловларига соҳадаги барча илмий-тадқиқот институтларидан 6,25 миллиард сўмга тенг 5 та лойиҳа мавзулари шакллантирилди. Вазирлигимиз томонидан 50 нафар ёш олим ва мутахассисларни халқаро илғор илм фан ва ишлаб чиқариш ташкилотларида илмий стажировкалар ўташи учун танлов эълон қилинди. Булардан ташқари “Олмалиқ“ КМК АЖ ва “Навоий“ КМК томонидан Геология ва геофизика институти ва Минерал ресурслари институти фаолиятини такомиллаштириш мақсадида 110 миллиард сўмга тенг лойиҳани келаси 5 йилликда ҳамкорликда амалга оширилишига келишиб олинди.
Шунингдек, маълумот берилишича, Инновацион ривожланиш вазирлиги, “Олмалиқ“ КМК АЖ ва Давлат геология билан ҳамкорликда қўшма қарор тасдиқланган. Ушбу қўшма қарорга кўра “Олмалиқ“ КМК АЖ томонидан ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантириш мақсадида илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги эълон қилинадиган танлов натижалари бўйича ғолиб бўлган лойиҳаларга тенг улушда молиялаштирилишига келишиб олинган. “Олмалиқ“ КМК АЖ “Минерал ресурслари институти” ДК ҳамда “Х.М.Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти” ДК билан ҳамкорликда жорий йилнинг 25 февраль санасига қадар “Олмалиқ“ КМК АЖ ўз ҳисобидан 25.7 миллиард сўмга тенг бўлган 2020-2024 йилларда геология соҳасини ривожлантиришга қаратилган ҳамкорликдаги лойиҳалар юзасидан йўл харитаси ишлаб чиқилган.
Делегация аъзолари МТТУ “МИСиС” Олмалиқ филиали талабалари учун яратилган шарт-шароитлар билан таништирилди. Бундан ташқари “Геология соҳасида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусида фаол ёшлар ҳамда делегация аъзолари иштирокида форсайт ташкил этилди.