Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инновацион ғоя ва ишланмалар намойиши
20:40 / 2020-02-26

Андижон давлат университетида вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида “Agro Expo Andijan 2020” инновацион ғоялар кўргазмаси ўтказилди.


Андижон давлат университетида вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида “Agro Expo Andijan 2020” инновацион ғоялар кўргазмаси ўтказилди.

Кўргазма қишлоқ хўжалиги йўналишидаги инновацион ғоя, лойиҳа ва технологияларни қўллаб-қувватлаш, уларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, ишлаб чиқаришнинг технологик даражаси ва рақобатбардошлигини ошириш мақсадида ташкил этилди. 

Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов, инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган кенг кўламли ишлар юқори самаралар бераётганлигини таъкидлади. 

Кўргазмада Андижон, Фарғона, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги институт, илмий-тадқиқот, тажриба конструкторлик муассасалари ҳамда қатор хорижий компанияларнинг қишлоқ хўжалиги йўналишидаги 300 дан зиёд инновацион ғоя, технология ва ишланмалари намойиш этилди. Шунингдек, тадбирда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, экинларнинг ҳосилдор ва эртапишар янги навлари, ўсимлик ва экинларни зараркунандалардан ҳимоя қилиш воситалари, чорвачилик, қуёнчилик ва боғдорчиликда ҳосилдорлик, иш унуми ва самарадорлигини оширишга қаратилган ғоя, ишланма ва технологиялар салмоқли ўрин эгаллади. 

– Мазкур кўргазма қишлоқ хўжалиги йўналишидаги илғор, инновацион ғоя ва технологияларни амалиётга татбиқ этиш, ишлаб чиқарувчилар ҳамда илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиради, – дейди Андижон давлат университети илмий ишлар бўйича проректори Бахтиёржон Расулов. – Бу қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, қайта ишлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга илмий ёндашиш, илғор технологияларни жорий этиш орқали юқори натижаларга эришиш имконини беради. 

0edc2f6c-fe64-4d6d-947f-dd1a74dd3131.jpg

Кўргазмада Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали олимлари томонидан намойиш этилган 15 дан зиёд илғор, инновацион ғоя ва технология қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик соҳаси мутахассислари, фермерларда катта қизиқиш уйғотди. 

– “Юқори ва сифатли пахта ҳосили етиштиришда технологик ишлов бериш жараёнини такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида яратилган янги комбинациялашган агрегат бир неча техник ишлов бериш вазифаларини бажаради, – дейди Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали докторанти Мунира Мамарасулова. – Ушбу агрегатни амалиётга татбиқ этиш ҳосилнинг эрта етилишини таъминлайди, ишчи кучини 20-25 фоизга қисқартиради, ҳосилдорликни эса 5,9 фоизга, умуман, рентабелликни 30-35 фоизга ошириш имконини беради. 

Андижон давлат университети органик қимё ва биология кафедраси олимлари томонидан “Амарант ўсимлиги асосида фармацевтик моддалар, озиқ-овқат ва ем-озуқа маҳсулотлари етиштириш” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар, ўсимлик ёрдамида олинган 15 га яқин маҳсулотлар тақдимоти ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди. 

– Амарант ўсимлиги асосида тайёрланган “Биочой” препарати инсон организмини табиий фаол маҳсулотлар билан таъминлаш хусусиятига эга, – дейди лойиҳа раҳбари Мўйдинжон Мўминов. – Ушбу маҳсулот инсон асаб тизими ҳамда қоннинг кислород билан тўйиниш, шунингдек, организмнинг турли инфекциялардан ҳимояланиш фаолиятини яхшилайди.

Кўргазмада Асака туманидаги “Эко кролик” масъулияти чекланган жамияти Германия ва Беларусь давлатларидан келтирилган қуён зотларини маҳаллийлаштириш, боқиш, қуён гўшти етиштириш, терисини тайёрлаш борасидаги ишларини намойиш этди. Жамият мутахассислари томонидан қуёнчиликни ривожлантириш бўйича қатор таклифлар билдирилди. 

9d5be696-bfcc-4923-a834-e1a5ff828ef7.jpg

Шунингдек, кўргазмада Ҳиндистоннинг Гужарот штати Nath Group, Жанубий Корея Республикасининг KCOOPSAGRO, Saemangeum Social Cooperative сингари қатор компаниялари вакиллари ҳам иштирок этди. 

– Компаниямиз қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги соҳасига хизмат кўрсатиш бўйича қатор инновацион таклифлар билан иштирок этмоқда, – дейди Ҳиндистоннинг Nath Group компанияси раиси Нанда Кагливал. – Ушбу кўргазма Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга ёрдам беради.

Тадбир доирасида маҳаллий ва халқаро қатнашчилар иштирокида “Қишлоқ хўжалигида инновациялар” мавзусидаги давра суҳбати, шунингдек, олимларнинг тадбиркор ва фермерлар билан учрашувлари ҳам ўтказилди. Унда қишлоқ хўжалиги техникалари етказиб берувчи ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасига турли йўналишларда хизмат кўрсатувчи мамлакатимизнинг етакчи корхона ва компаниялари томонидан иштирокчиларга турли маҳсулот ва хизматлар таклиф этилди. 

Кўргазмада янги ғоя, технология, лойиҳа ва ишланмалар харид қилиш ва сотиш юзасидан қатор шартномалар тузилди.