French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инновация ва яшил технологиялар йўлида
18:28 / 2026-01-20

Жиззах политехника институти халқаро ҳамкорлик ва инновацион ривожланиш йўлида навбатдаги муҳим қадамни ташлади. Корея Республикасидан ташриф буюрган Жинву Квак (Jinwoo Kwak) — Disquiet акселератор компанияси бош ижрочи директори (CEO) ва Халлим (Hallym) университети стартап бизнеси бўйича профессори институт меҳмони бўлди.

Disquiet акселератори Корея Республикасида стартаплар ва инновацион лойиҳаларни ривожлантиришга ихтисослашган платформа бўлиб, ёш тадқиқотчилар ва технологик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, уларни бозорга чиқаришга кўмаклашиш билан шуғулланади.

Учрашувнинг асосий мақсади — икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ва келгусидаги стратегик режаларни белгилаб олишдан иборат бўлди. Музокаралар давомида қўшма илмий лабораториялар ташкил этиш, 2+1+1, 3+1 ва 2+2 форматларида қўшма таълим дастурларини жорий этиш, шунингдек, Корея–Ўзбекистон “Drone” таълим марказини ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, “Drone” таълим маркази учувчисиз учиш аппаратларини лойиҳалаш, бошқариш ва улардан амалий соҳаларда самарали фойдаланиш бўйича мутахассислар тайёрлашга қаратилган ўқув-тадқиқот майдони бўлади. Ушбу марказ орқали дрон технологияларини қишлоқ хўжалиги, экология, картография ва “ақлли шаҳар” лойиҳаларида қўллаш бўйича замонавий билим ва амалий кўникмаларни шакллантириш кўзда тутилмоқда.

[gallery-27218]

Шунингдек, томонлар KOICA дастури доирасида ҳамкорлик механизмлари, талабаларнинг Корея Республикасида семестр ўқиши, стажировка ва иш фаолияти орқали халқаро тажриба орттириб, кейинчалик Ўзбекистонда фаолият олиб бориш модели юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Бу ёндашув илм-фан ва таълим соҳасидаги халқаро тажрибани маҳаллий тараққиётга самарали интеграция қилишга хизмат қилади.

Учрашувда дрон технологияларининг яшил технологиялар, экологик мониторинг ва барқарор ривожланиш билан боғлиқ лойиҳаларда тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳамкорлик йўл харитаси, меморандум имзолаш жараёни ва қўшма ишчи гуруҳни ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.

Меҳмонларга олийгоҳнинг Автомобилсозлик муҳандислик мактаби фаолияти, амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари ҳамда талабалар учун яратилган замонавий шароитлар яқиндан таништирилди. Учрашув Жиззах политехника институтининг халқаро таълим ва инновацион ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим бошланғич қадами сифатида эътироф этилди.

А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари