Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инновация ва стартаплар учун янги сармоя имкониятлари
21:50 / 2026-02-15

Муносабат

Иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатнинг жаҳон молия тизимига изчил қўшилиши замонавий инвестиция механизмларини жорий этишни талаб этади. 

Мамлакатимизда кейинги йилларда давлат сиёсатининг асосий йўналиши молиялаштириш манбаларини кенгайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва устувор соҳаларга маҳаллий ҳамда хорижий капитални жалб этишдан иборат бўлмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида келгуси ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Ушбу ташаббуслар ичида “Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклифи алоҳида аҳамият касб этади.

Муқобил инвестиция жамғармалари ноанъанавий активларга, яъни кўчмас мулк, инфратузилма лойиҳалари, стартаплар, хусусий инвестициялар каби йўналишларга сармоя киритишга мўлжалланган махсус тузилмалардир. Бу жамғармалар жаҳон амалиётида инновацияларни қўллаб-қувватлаш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш ва йирик лойиҳаларни молиялаштиришда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистонда бундай жамғармалар фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш капитал бозорини ривожлантириш ва иқтисодиётнинг банк кредитларига қарамлигини камайтиришга хизмат қилади. Қонун қабул қилинса, жамғармалар ишида ошкоралик, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун қулай шароит яратилади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инвестиция бозори барқарор ўсишни намоён этмоқда. Кўплаб янги лойиҳалар ишга тушди, минг-минглаб иш ўринлари яратилди. “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида иқтисодиётга 250 миллиард доллар инвестиция жалб этиш, асосий фондларга йўналтириладиган маблағлар ҳажмини йил сайин ошириб бориш режалаштирилган.

2017–2024 йилларда асосий капиталга киритилган сармоялар жадал ошди. Бунда хорижий инвестициялар салмоғи юқори бўлди. Шундай даврда мамлакат ЯИМи деярли икки баравар ўсди. 

Бу натижалар валюта бозорини эркинлаштириш, инвестиция қонунчилигини яхшилаш, давлат хизматларини рақамлаштириш, рўйхатга олиш ва лицензиялаш жараёнларини соддалаштириш ҳисобига амалга ошди.

Шу билан бирга, инвестицияларни молиялаштириш асосан банклар ҳиссасига тўғри келмоқда. Давлат банклари молия тизими активларининг 65 фоизини ва кредитлар портфелининг 69 фоизини эгаллаши маълум. Капитал бозори имкониятларининг чеклангани юқори хавфли ёки инновацион лойиҳаларнинг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.

Шу боис, муқобил инвестиция жамғармалари стартаплар, инфратузилма, рақамли технологиялар ва “яшил” лойиҳаларни молиялаштиришда муҳим восита бўлиши мумкин. Ушбу йўналишлар учун узоқ муддатли ва мослашувчан молия воситалари талаб этилади.

Мурожаатномада таклиф этилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш молия секторини замонавийлаштириш, инвестиция имкониятларини кенгайтириш ва Ўзбекистоннинг халқаро молия тизимидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қонун қабул қилиниши мамлакатда замонавий ва рақобатбардош инвестиция муҳитини шакллантиришда муҳим босқич бўлади.

Нилуфар РАҲМОНҚУЛОВА,

Тошкент давлат юридик университети профессори.

ЎзА