Бухоро давлат университети делегацияси Ҳиндистон Республикасининг Патна шаҳридаги C-DAC (Centre for Development of Advanced Computing) илмий-тадқиқот марказида бўлди.
Бухоролик меҳмонлар иштирокида C-DAC директори Шри Абҳинав Дихит ҳамда марказнинг етакчи бўлим раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган учрашув бўлиб ўтди. Унда марказ мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган замонавий дастурий маҳсулотлар, уларнинг реал сектор ва таълим тизимидаги татбиқи юзасидан атрофлича маълумот берилди.

Учрашув давомида томонлар замонавий ахборот технологияларининг энг долзарб йўналишлари бўйича тажриба алмашди. Рақамли таълим ва АI: Онлайн прокторинг тизимларининг турли LMS платформалари билан интеграцияси ҳамда масофавий таълимда сунъий интеллект назоратини кучайтириш, Квант ва юқори унумдор ҳисоблашлар: Квант компьютерлари технологияларининг илмий-тадқиқот ва ахборот хавфсизлиги соҳасидаги истиқболлари, Дрон технологиялари: Мониторинг, логистика ва хавфсизлик тизимларида инновацион дрон ишланмаларидан фойдаланиш, Рақамли иқтисодиёт: Онлайн тўлов тизимлари ва иқтисодий жараёнларда сунъий интеллект иштирокидаги инновацион ечимлар каби устувор йўналишлар белгилаб олинди.

Конструктив руҳда ўтган мулоқот якунида томонлар сунъий интеллект, ахборот хавфсизлиги, юқори унумдор ҳисоблаш тизимлари ҳамда рақамли тўлов инфратузилмалари йўналишларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича муҳим келишувларга эришди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.