Хориж тажрибаси
Бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида инновацион ривожланиш давлат тараққиётининг асосий омилларидан бири сифатида қаралмоқда. Технологик янгиланиш, иқтисодий ўсишнинг янги драйверларини шакллантириш ҳамда рақобатбардошликни ошириш масалалари кўплаб мамлакатлар сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Хитой Халқ Республикасида инновацион ривожланиш давлат стратегияси сифатида белгиланган бўлиб, мамлакат раҳбарияти мазкур йўналишни иқтисодий тараққиётнинг ҳал қилувчи омили сифатида баҳоламоқда. Хусусан, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин инновацион тараққиётни “давлат стратегияси” дея таърифлаб, иқтисодиётда эски ва янги ўсиш омиллари алмашинувини таъминлаш орқали мамлакатнинг барқарор ривожланишига эришиш мумкинлигини таъкидлаган.
У киши қайд этишича, инновацияларни жадал ривожлантириш иқтисодий моделни трансформация қилиш, миллий қудрат ва халқаро рақобатбардошликни оширишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Шу мақсадда мамлакатда илмий-тадқиқот, таълим, саноат ва молия тизимлари ўртасидаги интеграцияни кучайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда Хитойда квант ҳисоблаш технологиялари, сунъий интеллект, космик тадқиқотлар ҳамда водород энергетикаси соҳаларида салмоқли натижалар қайд этилмоқда. Айниқса, инновацион иқтисодиётни ривожлантириш билан бир қаторда анъанавий саноатни модернизация қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти.
Жумладан, 2025 йил якунига қадар Гуандун провинциясида 50 мингдан ортиқ йирик саноат корхонаси рақамли трансформация жараёнларини амалга оширгани инновацияларни амалиётга кенг жорий этиш самарасини намоён этди. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда қайта тикланувчи энергия манбалари қуввати тарихда илк бор анъанавий ёқилғи манбаларидан устун кўрсаткичларга эришгани қайд этилмоқда.
Мутахассислар фикрича, инновацион тараққиёт фақат янги юқори технологияли соҳаларни шакллантириш билан чекланмайди. У иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич модернизация қилиш, трансформация жараёнларида барқарорликни сақлаш ва янги ўсиш омилларини изчил жорий этишни талаб қилади.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, инновация, таълим, саноат ва кадрлар тайёрлаш тизимларининг узвий уйғунлиги иқтисодий ривожланиш сифатини белгилайди. Бу каби ёндашувлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар мазмуни билан ҳамоҳанг бўлиб, мамлакатимизда ҳам инновация ва технологияларга асосланган тараққиёт модели изчил шакллантирилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, инновацион ривожланиш бугунги кунда иқтисодий ўсишнинг муҳим драйверига айланиб, давлатларни янги тараққиёт босқичига олиб чиқишда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА