Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инновацион ривожланиш вазирлиги қандай ишларни амалга оширмоқда?
08:51 / 2022-04-28

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда айтилган маълумотларга кўра, коронавирусга қарши янги авлод маҳаллий вакциналар яратиш борасида «Илғор технологиялар марказида биотехнологик тажриба-саноат ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.

 

Вазирнинг сўзларига кўра, 2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улуши 25 фоизга етказилиши қарийб 3 миллиард куб метр табиий газни тежаш имконини беради. Шу боис водород энергетикаси технологиялари соҳасида илмий-тадқиқот ишлари дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Халқаро молекуляр аллергология маркази томонидан Тошкент шаҳри миқёсида 1 метр куб ҳавода учраган дарахт ва ўсимликлар гул чанги миқдори бўйича аэробиологик мониторинг тизими йўлга қўйилди.

Қайд этилишича, «Водород энергетикаси технологиялари соҳасида водородни олиш, сақлаш ва ташиш технологияларини яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари Дастури» лойиҳасига кўра, водород энергетикаси материаллари ва технологиялари бўйича илмий лойиҳалар амалга оширилади. Бунда водородни сақлаш учун адсорберлар, металгидрид ташувчилар, водород олиш учун нанокатализатор ва қуёш энергияси асосидаги электролиз технологиясини яратиш, водород энергетикаси соҳасида етакчи хорижий илмий марказ ва университетларга ёш олим ва мутахассисларнинг илмий малакаларини оширишни ташкил этиш ҳамда яратилган технологияларни иқтисодиёт тармоқларида саноат даражасида тажриба-синов ишларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, вазирлик томонидан электротехника саноатида юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2 бараварга ва экспортини 3 бараварга ошириш юзасидан «Республика электротехника соҳасида тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қарор лойиҳасида электротехника саноати корхоналарининг илмий ва инновацион фаолиятини жадаллаштириш натижасида корхоналарнинг маҳсулот ассортименти кенгайтирилиши ва экспортга йўналтириладиган маҳсулотлар технологияларини яратиш режалаштирилган ҳамда соҳа корхоналарда илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик марказлари фаолиятини ташкил этиш механизмлари белгиланган.

Бугунги кунда инновацион ҳудудга айлантирилаётган туманларда мавжуд аналогларидан 50 фоизгача арзонлаштирилган ва сифатли, хом ашё нархига нисбатан 2-3 баравар юқори қўшилган қиймат яратадиган инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологиялари ўзлаштирилмоқда. Бу бўйича Чуст инновацион ҳудудида бирламчи ва иккиламчи полиолефин маҳаллий хом ашёси ҳамда ёғоч чиқиндилари (ғўзапоя, қамиш ва б...) асосида импорт аналогларидан 50 фоизгача арзон ва сифатли ёғоч-полимер композитли стропила, рейка ва ёғоч тўсинлар ва бошқа инновацион қурилиш материаллари ишлаб чиқариш технологиясини тижоратлаштириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳага вазирлик томонидан 1,4 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар ажратилди.

Шунингдек, «Чуст инновацион ҳудудида ер ёнғоқ хомашёсини инновацион усулларда қайта ишлаш асосида юқори қўшилган қийматли экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш» мавзусидаги тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳасига вазирлик томонидан 1,5 миллиард сўм маблағ ажратишга эришилган.  

Муҳайё  Тошқораева,
ЎзА