Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Истанбул шаҳридаги университетларда таълим олаётган ҳамда илмий ишлар билан шуғулланаётган ўзбекистонлик талаба ва докторантлар билан учрашди. Учрашувда талабалар дуч келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари, Ўзбекистондаги мавжуд ва яратилаётган шароитлар, илм-фан ва инновация йўналишидаги ислоҳотлар муҳокама қилинди.
Вазирлик матбуот хизмати маълумотларига кўра, Туркияда бугунги кунда 2 мингдан зиёд ўзбекистонлик талабалар таҳсил олаётган бўлса, уларнинг катта қисми Истанбул шаҳрида билим олмоқда.
Учрашувда ўзбекистонлик талаба ва докторантлар томонидан Истанбул тижорат университетига ўзбекистонликларни докторантурага юбориш, Ўзбекистоннинг хориждаги қўлёзмалари нусхаларини (500 мингта) изланишлар учун олиб келиш, “Technoways” каби тадбирлар ғолибларини Туркияга юбориш, Олий ўқув юртлари учун ўқилиши шарт бўлган адабиётлар рўйхатини шакллантириш ва ўзбек тилига ўгириш учун таржимонлар гуруҳини тузиш, Туркия тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ҳарбий технологияларни ривожлантириш, Ўзбекистонда онлайн университетлар ташкил қилиш ва Туркия кичик бизнеси вакилларини юртимизга жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш каби қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов барча таклифларни қўллаб-қувватлаб, уларни амалга ошириш учун вазирлик томонидан имконият доирасида зарур ресурслар ажратилишини таъкидлади. Шу билан бирга, юқоридаги ташаббусларни талабаларнинг иштирокида амалга ошириш мақсадга мувофиқ, деб келишган ҳолда Туркия университетларида ўқувчи ўзбекистонлик талаба ва докторантларнинг Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликдаги кўнгилли “Ишлар режаси” ишлаб чиқишга келишилди.
Вазир креатив таклифлар берган ва ташаббусларни амалга оширишда фаол бўлган ёшлар “Инновацион ғоя етакчиси” кўкрак нишони билан тақдирланишини қайд этди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА