English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инновацион ривожланиш вазири Татаристон Президенти билан учрашди
07:40 / 2021-09-16

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати томонидан тақдим қилинган маълумотга кўра, Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Татаристон Президенти Рустам Минниханов билан учрашди.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация Қозонга ташрифи чоғида "TCI – 2021" глобал конференциясида иштирок этади ва «Химград» технополиси ва Иннополис шаҳарчаси фаолияти билан танишади.

Ўзбекистон ва Татаристон ўртасида илм-фан, инновациялар ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик учун улкан имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Рустам Минниханов Татаристон Россиянинг энг иқтисодий ва инновацион жиҳатдан энг барқарор ривожланган ҳудудларидан бири эканини, ахборот технологиялар ривожига алоҳида эътибор берилишини таъкидлади.

Шу ўринда Р. Минниханов Ўзбекистонда охирги беш йилдаги ўзгаришлар ҳақида гапираркан, Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги имижи ижобий томонга ўзгарганини, бу ўз навбатида давлатлараро турли йўналишларда ҳамкорликлар учун кенг йўл очиб берганини айтди.

Инновацион ривожланиш вазири Р. Миннихановнинг жорий йил июнь ойида Тошкентга ташрифи натижалари юқори баҳоланди. Ташриф чоғида эришилган келишувлар жадал амалга оширилаётани ҳақида фикрлар алмашилди.

Вазир Ўзбекистон ва Татаристон ўртасида қўшма стартап лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг инновациялар бўйича проректорлари учун Татаристонда «Инновацион менежмент» йўналишида махсус курслар ташкил этиш таклифини билдирди. Р. Минниханов томонидан Ўзбекистон делегацияси таклифлари қабул қилинди ва мазкур лойиҳаларни амалга оширишга келишилди.

Шунингдек, икки давлат вакиллари Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги биносининг кўргазмалар залида Татаристон бурчагини ташкил этиш зарурлигини инобатга олиб, бу бўйича ташкилий ишларни режалаштирди. Ўз навбатида, ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган "InnoWeek-2021" халқаро инновацион ғоялар ҳафталигига Татаристон делегациясининг ташрифи кутилмоқда.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА