Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инновацион ривожланиш вазири Эрон вице-президенти Сорена Сатторий билан учрашди
17:50 / 2022-07-19

Эрон Ислом Республикасининг Илм-фан ва технологиялар бўйича вице-президенти Сорена Сатторий бошчилигидаги делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи давомида Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов билан учрашуви бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, Сорена Сатторийнинг Ўзбекистонга ташрифи илм-фан, инновациялар ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, у Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги INNO технопарки фаолияти билан танишди.   

Учрашувда Сорена Сатторий Эрон ва Ўзбекистон ўртасида биотехнологиялар соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш масаласига алоҳида урғу берди.  

– Икки мамлакатнинг биотехнологиялар соҳасида эришган ютуқлари, муштарак қарашлари ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка бўлган интилиши алоҳида эътиборга молик, дейди Эрон вице-президенти. 

– Биз биотехнология соҳасидаги стартап ва илмий лойиҳаларни молиялаштириш орқали олимларимизнинг биргаликда илмий ишлар билан шуғулланишлари, шунингдек, илмий ишлар натижаларини тижоратлаштиришлари учун шароит яратиб бериш орқали стартап лойиҳалар доирасида инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўламини оширишга тайёрмиз. Бу соҳага инвестиция киритилиши ҳар икки давлат манфаатларига мос тарзда инновацион тадбиркорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонаман.  

Шунингдек, Иброҳим Абдураҳмонов жорий йил март ойида Эронга амалга оширган сафари натижасида Эроннинг илмий ва инновацион соҳаларда фаолият юритаётган 20 дан ортиқ компаниялари, илмий тадқиқот муассасалари, инновацион инфратузилма объектлари билан ҳамкорлик ўрнатилганини ва С. Сатторийнинг Ўзбекистонга ташрифи мана шу ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятини беришини таъкидлади.   

 Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Эрон Фан ва технологиялар бўйича вице-президенти аппарати ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Мазкур ташриф доирасида 25 та, жумладан, Эрон давлат идоралари билан 7 та, илмий ташкилотлар билан 3 та ҳамда хусусий компаниялар билан 15 та учрашувлар ўтказилиб, илғор тажрибаларини ўрганиш ва янги технологияларни трансфер қилиш бўйича келишувларга эришилган.  

Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, Эрон Ислом Республикаси Президентининг илм-фан ва технологиялар бўйича Вице-президенти С. Сатторийнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида жорий йилнинг 20 июль куни Эроннинг Фан, тадқиқотлар ва технологиялар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда «Ўзбекистон – Эрон фан ва инновация форуми» ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур форум доирасида Инновацион ривожланиш вазирлигида «Ўзбекистон ва Эрон инновацион компаниялари ва стартаплари маҳсулотлари кўргазмаси» ташкил этилади. Унда икки мамлакат корхона ва ташкилотларининг инновацион ишланма ҳамда маҳсулотлари намойиш этилади.  

 Кўргазмада Эрон томонидан тиббиёт, чорвачилик, озиқ-овқат ва бошқа турли хил соҳаларда фаолият юритувчи 35 та етакчи инновацион компаниялар ўзларининг инновацион маҳсулот ва лойиҳалари билан қатнашади. Ўзбекистон ва Эрон мамлакатларининг ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, тиббиёт, ахборот технологиялари ва озиқ овқат саноати каби йўналишларда ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида кўргазма доирасида икки мамлакат ишбилармон вакиллари ўртасида “B2B” учрашувлар ташкил этилади.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА