Тошкент шаҳрида Марказий Евроосиёдаги энг йирик ташаббуслардан бири — умумий соврин жамғармаси 1 миллион АҚШ долларини ташкил этган халқаро «Digital Startup Awards» танловининг гранд финали ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, IT Park Uzbekistan вa “IT Park Ventures» томонидан ташкил этилган дастур юқори салоҳиятга эга стартапларни аниқлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва минтақавий стартап экотизимида инновацияларни рағбатлантиришга қаратилган. Унда Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Грузия, Туркманистон ва Мўғулистондан стартаплар иштирок этди. Ўзбекистон стартаплари эса «Best Startup Project» йўналишида беллашди.
Жорий йилда дастур Марказий Осиё, Кавказ ва Мўғулистон минтақаларида катта қизиқиш уйғотди. Умумий ҳисобда 1025 та ариза келиб тушган бўлиб, шундан 397 таси «Best Startup Project», 268 таси Инкубация ва 360 таси Акцелерация йўналишларига тўғри келди.
Танловнинг кейинги босқичларида скрининг, суҳбатлар, менторлик машғулотлари, тренинглар, семинарлар ҳамда халқаро экспертлар, венчур фондлар ва корпорациялар билан нетворкинг ташкил этилди. «Best Startup Project» йўналиши бўйича финалчилар иштирокчи давлатларда ўтказилган офлайн ярим финал босқичлари орқали сараланди.
Якуний босқичда 29 та стартап Инкубация ва Акцелерация йўналишларини муваффақиятли якунлади, 22 та стартап эса «Best Startup Project» финалига чиқди.
Биринчи ўринга Қозоғистон, иккинчи ўринга Ўзбекистон, учинчи ўринга Грузия вакиллари, Энг яхши аёллар стартапи бўйича эса Қирғизистон вакили ғолиб деб топилди.
«Digital Startup Awards» минтақавий бирдамлик рамзига айланиб, стартап экотизимлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлади ва Марказий Евроосиё бўйлаб инновацион лойиҳаларни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА