Жорий йилнинг 24-26 апрель кунлари “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазма мажмуасида “Иннопром. Марказий Осиё” учинчи халқаро саноат кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Бугун ушбу халқаро саноат кўргазмаси доирасида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов кўргазма доирасида Татаристон Республикасининг қатор йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Татаристон Республикасининг 10 дан ортиқ компания вакиллари билан юқори кучланишли электр тармоқларини қуриш, кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш, нефть-газ соҳасида компрессор ва насос станцияларини етказиб бериш, электромобиль ва электробусларни зарядлаш станцияларини ўрнатиш ва бошқа бир қатор йўналишларда музокаралар бўлиб ўтди.
Музокаралар якунида томонлар қўшма йўл харитаси ишлаб чиқиш бўйича келишиб олди.
Маълумот ўрнида, мазкур кўргазмада турли давлатларнинг 300 дан ортиқ компанияси иштирок этмоқда. Кўргазма доирасида бугунги кунга қадар 30 дан зиёд йирик ишбилармонлик тадбирлари ва 500 дан ортиқ учрашувлар ўтказилди.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА