French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"ИННОПРОМ. Марказий Осиё" халқаро саноат кўргазмасида маҳаллий корхоналар фаол иштирок этмоқда
19:08 / 2025-04-29

Бугун Тошкентда "ИННОПРОМ. Марказий Осиё" бешинчи халқаро саноат кўргазмасининг иккинчи кунги тадбирлари ўтказилди.

Кўргазмада Ўзбекистон, Россия, Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар ҳамда Хитой, Ҳиндистон  каби  мамлакатларнинг ишлаб чиқарувчилари саноат, машинасозлик, энергетика, кимё, логистика соҳаларидаги энг замонавий ютуқларини тақдим этмоқда.

Аҳамиятлиси, ушбу  нуфузли кўргазма маҳаллий ташкилотлар ва корхоналар учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилмоқда. Энергетика вазирлиги бош мутахассиси Жамшид Турсуновнинг таъкидлашича, бу каби тадбирлар нафақат мамлакат иқтисодиёти, балки ишлаб чиқарувчилар учун ҳам хорижлик ҳамкорларни топиш ва улар билан биргаликда ишлашга кенг йўл очади.

[gallery-23070]

– 2025 йилда энергетика соҳаси равнақи учун бир қатор муҳим режаларни амалга ошириш назарда тутилган. Жумладан, инвестиция лойиҳалари доирасида маҳаллий маҳсулотлар улушини 25 фоиздан ошириш белгиланган. Масалан, 2024 йилда бу йўналиш ҳажми 2,2 триллион сўмни ташкил этган бўлса, жорий йил учун мазкур кўрсаткични 9,6 триллион сўмга етказишни мақсад қилганмиз. Бунда қурилиш, қурилиш материаллари, турли кабель маҳсулотлари, логистика ва транспорт соҳалари ҳам қамраб олинмоқда. Таъкидлаш жоизки, 2025 йилнинг биринчи чорагида маҳаллий контент ҳажми 2 триллион сўмни ташкил этди. Яъни, ўтган йилги йиллик кўрсаткич деярли биринчи чоракдаёқ амалга оширилди. Биз анъанавий тарзда “Иннопром” халқаро кўргазмасида иштирок этиб келяпмиз. Бу каби нуфузли тадбирлардаги иштироки­миздан кўзланган асосий мақсад юртимизда ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва аҳолини янги иш ўринлари билан таъминлашдир. Шу маънода айтиш керакки, "Иннопром" кўргазмаси бу мақсадларга эришиш учун кенг имкониятларни яратади, – деди Ж.Турсунов. 

“ИННОПРОМ. Марказий Осиё” кўргазмасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ушбу платформа орқали халқаро ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш, ўз маҳсулотларини кенг аудиторияга таништириш ва янги технологиялар билан танишиш имконига эга бўлмоқда. Бу эса  маҳаллий саноатнинг рақобатбардошлигини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришда муҳим омилдир.

Андижон шаҳридаги “Ideas Medical” корхонаси маҳсулотлари ушбу халқаро тадбирда илк бор намойиш этилмоқда. Корхона ходими Шоҳжаҳон Обиджоновнинг таъкидлашича, кўргазма фақатгина ҳамкорлар топиш учун эмас, балки иштирокчилар томонидан тақдим этилган энг илғор ишланмалар билан танишиш, улардан илҳом олиш ва тажриба алмашиш учун ҳам муҳим майдон ҳисобланади.

– Биз тиббий ва функционал каравотлар ишлаб чиқарамиз. Корхонамизнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 3 минг дона маҳсулотни ташкил этади. Ассортиментимиз 120 дан ортиқ турда бўлиб, уларнинг барчаси тўлиқ маҳаллийлаштирилган. “Иннопром” кўргазмасида илк бор иштирок этаяпмиз, бироқ шунгача қатор халқаро кўргазмаларда мунтазам қатнашиб келганмиз, – деди Ш.Обиджонов. 

Эслатиб ўтамиз, кўргазма ўз ишини эртага ҳам давом эттиради.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА