“Иннопром. Марказий Осиё” Халқаро саноат кўргазмаси маҳаллий ва хорижий ишбилармон доира вакиллари учун кенг имкониятлар, манфаатли келишувлар майдонига айланди. Айрим иштирокчилар ўз таассуротларини ЎзА ўқувчилари билан баҳам кўришга қарор қилишди.
Суҳроб Ширинов, Тожикистонинг “Akia Avesto” компанияси маркетинг бўйича таҳлилчиси:
- Компаниямиз 2018 йилдан бошлаб автобус, дизель ёқилғиси билан юрадиган метро улови, электробус, троллейбус ишлаб чиқаради. Бу транспорт воситалари “Евро5” талаби асосида ишлаб чиқарилмоқда. Электробус, троллейбус ва автобусларимиз Душанбе шаҳрида синовдан ўтган. Ҳозир 400 дан зиёд машинамиз шаҳар аҳолисига хизмат қилмоқда.
Қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик ўрнатиб, экспортни йўлга қўймоқчимиз. Ушбу кўргазма мақсадимизга эришишда айни муддао. Анжуман давомида ўзбекистонлик ҳамкасблар билан фикр алмашдик, ҳамкорликни йўлга қўйишга келишдик.
Дмитрий Пухнарёв, “EVRAZ” компанияси Лойиҳа ечимларини сотиш бўлими директори:
- Россиянинг машҳур “EVRAZ” металлургия компанияси машинасозлик, тоғ-кон саноати ва бошқа соҳаларда қўлланадиган маҳсулот ишлаб чиқаради. Корхона Россияда энг йирик кўмир ишлаб чиқарувчи мақомига ҳам эга.
Юқори савияда ташкил этилган Тошкент кўргазмасида қатнашаётганимиздан жуда мамнунмиз. Ўзбекистон ва МДҲ давлатларидан янги ҳамкорлар топдик. Қолаверса, янги ғоя ва ташаббуслар ҳам туғиляпти. Ҳозирча компаниямиз маҳсулотлари Ўзбекистон бозорига дилерлар орқали олиб кириляпти. Энди юртингизда компания филиалини ташкил этиш, ҳамкорликни янада кенгайтириш ниятидамиз.
Шуҳрат Ҳамидов, “Venkon Group” компанияси вакили:
Компаниямизнинг асосий фаолияти дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва етказиб беришдан иборат. Хусусан, маҳсулотни сотиш, 1C курси, бухгалтерия ҳисоби, бошловчилар учун бухгалтерия, бухгалтерлар учун малака ошириш, дастурлаш, 1C да дастурлаш каби йўналишларда хизмат кўрсатамиз.
Биз таклиф этаётган дастур, асосан, сотув бўлимини автоматлаштиришда қўл келади. Ҳозир бу тизимдан Ўзбекистон миқёсида кўпгина компания ва корхоналар фойдаланмоқда. Лойиҳамизнинг қулайлиги шундаки, ушбу тизимда мингга яқин одам бир вақтнинг ўзида ишлай олиши мумкин. Эски дастурларда бир маълумотни фақат бир киши кўриши мумкин. Шериклар кўриши учун маълумотни аввал сақлаш, кейин юбориш керак. Бу ортиқча вақт талаб қилади. Қолаверса, турли ноқулайлик келтириб чиқариши эҳтимоли ҳам бор. Янги тизимда эса бир вақтнинг ўзида бир неча киши бир хил ахборотдан фойдаланиш имконияти бор. Дастур, айниқса, тадбиркорларга жуда қулай.
Исмоил Сайдаҳметов, “New strim” компанияси бош директори:
- Ўзбекистонда сўнгги йилларда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Йирик иншоотлар, равон йўллар қурилиб, мавжудлари таъмирланяпти. Йўллар сифатли ва чидамли қурилиши учун замонавий технологиялар, юқори сифатли маҳсулотлар зарур.
Шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, биз “Иннопром. Марказий Осиё” Халқаро саноат кўргазмасига “Akropol GSM” – тупроқ модификатори лойиҳасини олиб келдик.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, компаниямиз йўлларни қуриш ва таъмирлаш учун тупроқ, цемент аралашмасидан модификатор ишлаб чиқаради. Бугунги кунда тупроқ модификаторидан фойдаланиб таъмирланган йўллар юқори сифати, турли иқлим шароитига бардошлилиги билан ажралиб турди. Шу боис тупроқни модификатор ёрдамида мустаҳкамлаш усули ҳозир дунё бўйлаб кенг қўлланмоқда. Европа Иттифоқи ҳудудида айни йўналиш бўйича Голландия ва Германия етакчи. Дарвоқе, бу маҳсулотни нафақат, йўл қурилиши, балки бунёдкорлик соҳасига оид бошқа мақсадларда ҳам кенг миқёсда ишлатиш мумкин.
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова ёзиб олди.