English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инклюзив таълимга эътибор янада кучаймоқда
15:22 / 2025-10-07

Инклюзив таълим тиббий имконияти турлича бўлган болаларнинг биргаликда таълим олиши имкониятидир. Мамлакатимизда инклюзив таълимни ривожлантириш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Финляндия миллий таълим агентлиги билан “Ўзбекистонда Финляндия илҳомлантирилган таълим тизимини ривожлантириш” қўшма лойиҳаси имзоланган.

Мазкур лойиҳа доирасида жорий йилнинг 6-14 октябрь кунлари Финляндия миллий таълим агентлиги мутахассислари томонидан Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги 298-сонли мактабда инклюзив таълим жараёнига жалб этилган педагоглар учун семинар-тренинглар ташкил этилмоқда.

Унда 80 нафар устозлар қатнашмоқда. Семинар-тренинг давомида Финляндия миллий таълим агентлиги мутахассислари Рииа Палмквист ҳамда Элиса Ҳелин томонидан “Инклюзив таълим сари: Якуний ёндашув”, “Инклюзив таълимда мактабнинг иштироки”, “Мактабларда таълим маданиятини ривожлантириш” каби мавзуларда маҳорат дарслари ўтказилмоқда. Шунингдек, мавзу доирасида Финляндия тажрибаси билан ўртоқлашишга катта эътибор қаратилмоқда.  

Айтиш керакки, “Таълим барча учун” тамойили асосида 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб республика бўйича тажриба-синов тариқасида 31 та умумтаълим мактабларида инклюзив синфлар ташкил этилиб, уларга 122 нафар алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар жалб қилинган.  

2025-2026 ўқув йилида инклюзив таълим жорий этилган умумтаълим мактаблари сони 1 минг 708 тани, улардаги ўқувчилар сони эса 3 минг 710 нафарни ташкил этмоқда.

Мазкур семинар-тренинг келгусида педагогларнинг инклюзив таълим синфларида таълим олаётган ўқувчилар билан ишлашида муҳим дастур бўлиб хизмат қилади.

Н.Усмонова,  

ЎзА