Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инклюзив таълим – тенг имкониятлар асоси
17:25 / 2026-01-29

Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик комиссияси ташаббуси билан Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг вилоят бўлинмаси билан ҳамкорликда Бухоро давлат техника университетидаги “Хотин-қизлар, ёшлар учун IT ва муҳандислик инклюзив таълим маркази”да номли тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ижтимоий шериклик комиссияси аъзолари, университет профессор-ўқитувчилари, жамоат фондининг вилоят бўлинмаси аъзолари, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон Карлар жамияти,  Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси ҳудудий бўлимлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди. 

Бухоро давлат техника университетида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 январдаги қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, таълим тизимида инклюзив таълимни кенг жорий этиш ва уни тизимли ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Хусусан, университетда хотин-қизлар ва ёшлар, шу жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакиллари ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун IТ ва муҳандислик йўналишларида Инклюзив таълим маркази ташкил этилгани алоҳида таъкидланди. Ушбу марказда билим олиш истагидаги ёшлар учун 10 дан ортиқ замонавий касб ва ҳунарлар бўйича ўқув курслари йўлга қўйилган бўлиб, улар замонавий техник жиҳозлар, қулай ва тўсиқсиз инфратузилма ҳамда тажрибали мутахассислар билан таъминланган.

– Инклюзив таълим, аввало, тенг имкониятлар ва адолатли жамият демакдир. Университетимизда ташкил этилган Инклюзив таълим маркази орқали ёшлар ва хотин-қизларнинг касбий салоҳиятини ошириш, уларни замонавий касбларга йўналтириш ҳамда жамиятда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашишни асосий мақсад қилиб олганмиз, – дейди университет ректори, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик комиссияси раиси Садоқат Сиддиқова.

Иштирокчилар Бухоро давлат техника университетида инклюзив таълимни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди. Келгусида мазкур йўналишда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда тажриба алмашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.